Россияда давлат думасига уч кунлик сайловлар бошланди
Россияда турли даражадаги сайловларда овоз бериш бошланди. Сайловчилар, жумладан давлат думаси депутатлари ҳамда 9та регион раҳбари учун овоз беришади.
Сайловлар овоз бериш жойлари ва уйларда 3 кун давомида – 17-19 сентябрь кунлари соат 8дан 20гача бўлиб ўтади. Асосий овоз бериш куни 19 сентябрь ҳисобланади. Сайловларни 3 кунлик форматда ўтказишга коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида қарор қилинган.Биринчи сайлов участкалари Россиянинг шарқида жойлашган Камчатка ўлкаси ва Чукотка автоном округида очилган.
3 кун давомида Россиянинг 85та субъектида регионал ва маҳаллий даражада 4,4 мингдан кўпроқ сайлов кампанияси бўлиб ўтади. Улардан аксарияти маҳаллий даражадаги сайловлардир. 9та регионда — Мордовия, Тива, Чеченистон, Хабаровск ўлкаси, Белгород, Пенза, Тверь, Тула, Ульяновск областларида субъектлар раҳбарлари учун овоз берилади. Яна 3та регион – Доғистон, Қорачай-Черкес ва Шимолий Осетия раҳбарлари президент таклиф қилган номзодлар ичидан қонунчилик йиғини депутатлари томонидан сайланади. 39та субъектда давлат ҳокимияти қонунчилик идоралари депутатлари сайловлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, россияликлар давлат думасига 450 депутатни сайлашади. Улардан 225 нафари бир мандатли сайлов округлари (яъни бир округдан бир депутат) ва яна 225 нафари сиёсий партиялардан, федерал сайлов округлари бўйича сайланади. Жорий сайловларда 14та партиядан 3812 номзод иштирок этади.
Сайловлар натижаларига кўра 31 мингдан кўпроқ мандат тақсимланади.
Сайловчилар рўйхатига Россияда яшовчи 108 млндан ва хорижда яшовчи 2 млндан кўпроқ фуқаро киритилган. Россиянинг ўзида 96 минг ва 144та хорижий давлатда яна 348та сайлов участкаси фаолият олиб боради. Бундан ташқари, 7та сайлов участкаси Қозоғистоннинг Бойқўнғир шаҳрида очилади.
Комментарии (0)