Гвинеяда президент ағдарилгани айтилмоқда. У лавозимда қолиш учун конституцияни ўзгартирганди

Гвинеяда президент ағдарилгани айтилмоқда. У лавозимда қолиш учун конституцияни ўзгартирганди

Гвинея армияси махсус кучлари 83 ёшли президент Альфа Конде ағдарилгани ва ҳукумат тарқатиб юборилгани ҳақида маълум қилишди. Ҳукумат вакиллари эса буни рад этиб, пойтахт Конакрида тартиб тикланганини айтишмоқда.


Гувоҳларнинг хабарига кўра, якшанба куни Конденинг қароргоҳи жойлашган ҳудудда қақшатқич жанглар бўлиб ўтган, ижтимоий тармоқларда президент ҳарбий формадаги қуролли шахслар қуршовида акс этган видео ва суратлар тарқалган.
Жаҳон ахборот агентликлари гувоҳларга таяниб тарқатган хабарларга кўра, якшанба куни Гвинея пойтахти Конакридаги президент қароргоҳида шиддатли отишма овозлари эшитилган. Кейин ҳарбийлар яриморолда жойлашган Калум тумани (президент қароргоҳи ва бир нечта вазирликлар бинолари жойлашган) ва шаҳарнинг қолган қисмини боғлайдиган ягона кўприкни тўсиб қўйишган.
Конакри шаҳри марказида яшовчиларга уйдан чиқмаслик бўйича кўрсатма берилган, бўш қолган кўчаларда аскарлар патруллик қила бошлаган.
GPS махсус топшириқли бўлинма ҳарбийлар давлат телевидениеси орқали президент Альфа Конде ҳокимиятдан ағдарилгани ва ҳибсга олингани, унинг ҳукумати тарқатиб юборилгани ҳақида эълон қилишган.
Телевидениеда Конде ағдарилгани ҳақидаги чиқиш подполковник Мамади Думбайя томонидан бўлган - айнан у исёнчилар раҳбари экани тахмин қилинмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Альфа Конде ёқавайрон ҳолатда тўлиқ қуролланган ҳарбийлар даврасида акс этган видео ва фотосуратлар пайдо бўлди, Конде уларни бошқармаётгани ва паришон ҳолда экани яққол кўринади.
Ҳозирча президент Конде чиндан ҳам ҳибсга олингани аниқ эмас. «Франс-пресс» хабарига кўра, унинг ҳукумати давлат тўнтарилишининг олди олингани ва ҳозирда хавфсизлик кучлари тартибни тиклаш ишларини олиб бораётганини маълум қилган.

Подполковник Думбайя бошчилигидаги, ўзини «Сулҳ ва тараққиёт миллий қўмитаси» деб атаган ҳарбийлар конституция амал қилишдан тўхтаганини маълум қилиб, мамлакатнинг янги асосий қонуни лойиҳаси яқин вақтлар ичида ишлаб чиқилишини ваъда қилишган.
Думбайя ўз видеомурожаатида Гвинеядаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий вазият оғирлашгани сабабли ҳарбийлар мамлакат келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини маълум қилган. У барча ҳарбийларни ўз жойларида қолишга чақирган. Бундан ташқари, бошқа кўплаб амалдорлар ҳам ҳибсга олинган.
Думбайя илгари Франция хорижий легионида хизмат қилган, 2018 йилда эса GPS устидан қўмондонликни ўз қўлига олиш учун Гвинеяга қайтиб келган.
Исёнчилар яқин бир ҳафта давомида мамлакат чегаралари ёпиқ туришини эълон қилишган.
Ўз навбатида, Гвинея Мудофаа вазирлиги ҳокимиятни эгаллашга бўлган уриниш бартараф этилганини маълум қилган. Jeune Afrique маълумотига кўра, айни вақтда президент ўз соқчилари ҳимояси остида.
Авторитаризмдан демократияга ва яна ортга
Айни вақтда 83 ёшда бўлган Альфа Конде ҳаётининг катта қисмини мухолифатчи сифатида ўтказган ва Ғарбий Африкадаги энг қашшоқ давлатлардан биридаги авторитар ҳукмдорларга қарши курашган.
2010 йилда у президентлик сайловларининг иккинчи турида ғалаба қозониб, Гвинея тарихида демократик йўл билан сайланган илк давлат раҳбарига айланади, 2015 йилда президентликка қайта сайланади.
Аммо кейин Конденинг ўзи ҳам авторитаризмга берилиб кетади.

Гвинеяча ноллаштириш
Иккинчи беш йиллик якунида у лавозимини тарк этиши керак эди, аммо 2020 йил мартида Гвинеяда конституцияга тузатишлар киритиш бўйича референдум ўтказилади, бу эса унинг президентлик лавозимини икки мартадан ортиқ эгалламаслик бўйича чекловни айланиб ўтишига имкон беради, яъни Конденинг президентлик муддатлари ноллаштирилади ҳамда у учинчи муддат учун ҳам сайловда иштирок этиши мумкин бўлади.
2020 йил октябрида бўлиб ўтган сайловларда, расмий маълумотларга кўра, Конде 59 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонади. Мухолифат эса у ва тарафдорларини сайлов натижаларини сохталаштиришда айблайди, норозилик намойишлари чоғида полиция билан тўқнашувларда ўнлаб кишилар ҳалок бўлади.
Ғарбий Африкада «Гвинея» номи ишлатилган уч давлат бор - Гвинея, Гвинея-Бисау ва Экваториал Гвинея. Ҳозирги воқеалар уларнинг биринчисида рўй бермоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий