Россияда илк марта Covid-19’дан кунлик ўлимлар сони 800дан ошди, регионларда учинчи тўлқин

Россияда илк марта Covid-19’дан кунлик ўлимлар сони 800дан ошди, регионларда учинчи тўлқин

Коронавирусга қарши кураш бўйича оператив штаб сўнгги бир кунда Россияда Covid-19га чалинган беморларнинг 808 нафари вафот этгани ҳақида хабар қилди - бу эса пандемия давридаги энг юқори кўрсаткич саналади.

Россия кунлик ўлимлар сони бўйича илк бор 800лик нуқтадан ўтди, бунгача тўрт марта - 16, 24, 29 июль кунлари ва 11 августда коронавирусдан бир кунда 799 киши вафот этгани ҳақида хабарлар берилганди.
Эндиликда Россияда коронавирусдан вафот этганларнинг жами сони штаб маълумотлари бўйича 168 049тани ташкил этмоқда. Росстат эса пандемия бошидан буён Covid-19 қурбонига айланганлар сони икки баробар кўпроқлигини билдирган - шу вақтгача ўлим ҳолатлари сони 300 мингдан ошиб кетган.
Сўнгги бир кунда 21 932та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, энг кўп ҳолатлар - Москвада (2 294), Петербургда (1 801) ва Москва областида (1 143). Шу билан бирга, 20 195 киши тузалган.
Шу билан бирга, Москвада сунъий нафас олдириш аппаратларига уланган беморлар сони бир ой ичида икки баробар камайган. Пойтахтда шифохоналарга ётқизилаётган беморлар сони ҳам қисқариши давом этмоқда, Петербургда эса шу кунларда шифохонага ётқизилганлар сони кескин ортди, Covid-19га чалиниш билан боғлиқ кунлик ҳолатлар ҳам камаймаяпти.
Регионларда кунлик ўлимлар ўсиши
Москва ва Петербург ўлимлар ва кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича етакчи бўлиб турган бўлса-да, вазият август ойига келиб бироз яхшиланган.
Июнь ойи охири ва июль ойи бошларида Москва ва Петербургда ковиддан кунига 100дан ортиқ одам ўлар эди, ҳозирда эса бу кўрсаткич мос равишда 56 ва 48тани ташкил этган.
Ўз навбатида, регионларда кунлик касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари сезиларли равишда ўсган. Ўлимлар сони бўйича антилидерлар қаторига Краснодар ўлкаси (32) ва Перм ўлкаси (29), шунингдек, Ростов области (28) қўшилган. Кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича Топ-5га Нижегород (549) ва Свердловск областлари (523) пайдо бўлган.
Шу туфайли Россиянинг умумий кўрсаткичлари ҳозир ҳам июнь ойи охири ва июль ойи бошидаги кўрсаткичлардан у қадар кўп фарқ қилмаяпти.
Росстатнинг рақамлари каттароқ
Оперштаб томонидан эълон қилинган коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони Росстат маълумотларидаги сонлардан икки баробар камроқ.
Шу йилнинг июнь ойида оперштаб Covid-19 туфайли 13 509 ўлим қайд этган бўлса, Росстатда йилнинг бу даври учун рақамлар - 27 118 ҳолат.
Статистикага кўра, пандемия бошидан июнь ойи охиригача Россияда коронавирус ва унинг оқибатларидан вафот этганлар сони 300 мингдан ошиқ.
Оперштабдан фарқли равишда, Росстат фақат коронавирус ўлимнинг асосий сабаби бўлган ҳолатларни эмас, балки асосий сабаб бўлгани тахмин қилинган ҳамда қўшимча касаллик сифатида ташхис қўйилган ҳолатларни ҳам ҳисоблайди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий