Афғонистон уруши: «Толибон» Кобулга яқинлашмоқда
Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида Афғонистоннинг тўққиз вилояти марказини эгаллаган толиблар бугун стратегик муҳим аҳамиятга эга, Кобул-Қандаҳор автомагистралида жойлашган, пойтахт жанубидаги таянч пунктларни боғловчи Ғазни шаҳрига кирди.
Толиблар шаҳарнинг катта қисмини забт этишган. BBC’нинг шаҳар кенгашидаги манбаси хабарига кўра, афғон хавфсизлик кучлари фақат шаҳар ташқарисидаги полиция базасини назоратида сақлаб қолмоқда.Кузатувчилар Ғазнининг эгалланиши «Толибон»нинг Кобулга ҳужум қилишини тезлаштиришидан хавотирланишмоқда.
Айни вақтга келиб мамлакатдаги 34 вилоятнинг қарийб учдан бир қисми (10) «Толибон» қўлига ўтиб бўлди.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан босқичма-босқич олиб чиқилиши фонида маҳаллий ҳукумат бирин-кетин катта ҳудудларни бой берди.
11 август куни Қандаҳорда ҳам шиддатли жанглар бўлиб ўтган, толиблар шаҳар қамоқхонаси эгалланганини айтишган, аммо бу тасдиқланмаган.
Жанубдаги Ҳилманд вилояти маркази Лашкаргоҳда эса жангарилар полиция штаб-квартирасини эгаллаб олгани тўғрисида хабарлар тарқалган.
Ҳирот ҳам шаҳар ташқарисидаги ҳимоя тўсиғи ёриб ўтилган ва толиблар эндиликда губернатор қароргоҳини қамал қилмоқда.
БМТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ойда Афғонистонда тинч аҳоли орасида 1000дан ортиқ қурбон берилган.
Сўнгги ҳафта давомида шимолий вилоятлардан минглаб кишилар хавфсиз шароитда бўлиш учун Кобул томон йўлга чиққан.
Айни вақтда пойтахт ташқарисида вақтинча лагер ташкил этилган, лагерда жой топа олмаганлар кўчаларда ёки ташландиқ уйларда яшашга мажбур бўлмоқда.
«Бизда нон ёки чақалоғим учун дори сотиб олишга пул йўқ», дейди 35 ёшли савдогар. У толиблар уйини ёқиб юборганидан сўнг оиласи билан Кундуздан қочиб келган.
BBC’га маълум бўлишича, чоршанба куни Афғонистон президенти армия бош қўмондонини алмаштирган. Махсус амалиётлар корпуси қўмондони, генерал Ҳибатулло Ализаи армия штаби бошлиғи лавозимини эгаллаган. У бу постда шу йил июль ойида ишлашни бошлаган генерал Вали Муҳаммад Аҳмадзойни алмаштирган.
Аҳмадзой толибларнинг Кобул вилоятига муваффақиятли юриш қилиши туфайли четлатилган.
Чоршанба куни Афғонистон молия вазири Халид Пайенда ҳам истеъфога чиққанди. «Блумберг» агентлиги хабарига кўра, у айни вақтда мамлакатдан чиқиб кетган. Вазирнинг истеъфоси «Толибон» чегара ҳудудлардаги муҳим божхона пунктларини эгаллаб олгани туфайли, бюджетга тушум келмай қолгани билан изоҳланган.
Шимолда қарши зарба бериш режасиЧоршанба куни президент Муҳаммад Ашраф Ғани шимолдаги Мозори-Шарифга учиб борди ва маҳаллий етакчилар билан учрашди. Расмий Кобул азалдан толибларга қарши асосий қалъа вазифасини ўтаган ушбу ҳудудда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи кучларни бирлаштириб, шимолий ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат бошлашни режалаштирган.
Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегаралар яқинида жойлашган Мозори-Шарифни айни вақтда толиблар қуршовга лган, бу шаҳарнинг бой берилиши Афғонистон шимолда назоратни бутунлай қўлдан чиқаришини англатади.
Ушбу учрашувда Афғонистон ўзбеклари етакчиси маршал Абдулрашид Дўстум, тожик жамоатидан Атта Муҳаммад Нур, ҳазора жамоатидан Ҳожи-Муҳаммад Муҳакик иштирок этган. Ушбу қўмондонлар 1990-йилларда Шимолий альянс деб атаган иттифоққа бирлашиб, «Толибон»га қарши курашган, 2001 йилнинг кузида АҚШ армиясига Афғонистонни толиблардан озод қилишда ёрдам кўрсатган.
Маршал Дўстум «Толибон» кучларини Афғонистон шимолидан сиқиб чиқариш учун ҳарбий ҳаракатларга бошчилик қилишини айтган.
У толиблар «бир неча бор шимолга келишгани, аммо ҳар сафар тузоққа тушишгани» ҳақида гапирган. «Шимол ҳар доим Толибон учун қопқон бўлган. Бу гал улар шимолдан осон чиқолмайдилар», деган у.
Ашраф Ғани ўз президентлиги даврида ушбу дала қўмондонларининг Афғон миллий армиясига таъсирини пасайтириб келди, аммо эндиликда уларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Аввалроқ президент ҳукуматни қўллаб-қувватловчи халқ милициясини ҳам қуроллантиришга розилик билдирганди.
Кобулнинг қулаши тезлашиши мумкин
Washington Post нашрининг ёзишича, америкалик ҳарбий манбалар воқеалар ривожи ҳозиргидек давом этса, Кобул 30 кундан 90 кунгача бўлган муддат ичида босиб олиниши мумкин.
Қочқинлар билан боғлиқ вазият ҳам мураккаблашмоқда. Толиблар эгаллаган ҳудудлардан минглаб кишилар пойтахт томон оқиб келмоқда.
Ҳарбий экспертлар Афғонистон ҳукумати урушда ютқазса, мамлакат халқаро терроризмнинг янги базасига айланиши, бу ҳудуддан туриб Европа ва бошқа мамлакатларга террорчилик ҳужумлари тайёрланиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бу эҳтимол айниқса мамлакат бир неча қисмга бўлиниб кетса реаллашади.
Al Jazeera ҳукумат мамлакатдаги вазият тобора ёмонлашаётгани боис толиблар билан тинчликка эришиш борасида келишиш керак деб ҳисобламоқда.Манба хабарига кўра, расмий Кобул «Толибон» ҳаракати етакчиларига ҳокимиятни бўлишиш ва зўравонликни тўхтатиш эвазига мамлакатни бошқаришда иштирок этишни таклиф қилган.
Айни пайтда, Қатар пойтахти Доҳада Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» делегациялари ўртасида АҚШ, Россия, Покистон ва Хитой каби давлатлар дипломатлари воситачилигида уч кунлик маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. Улар Афғонистон ҳудудларида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида маслаҳатлашмоқда.
Комментарии (0)