Қирғизистон элчихонаси Москвада мигрантларнинг оммавий муштлашувига нима сабаб бўлганини айтди

Қирғизистон элчихонаси Москвада мигрантларнинг оммавий муштлашувига нима сабаб бўлганини айтди

Элчихонанинг билдиришича, оммавий муштлашувга ижтимоий тармоқларда тарқалган нотўғри маълумот сабаб бўлган.

Москвадаги «Кузьминки» метро бекати яқинида мигрантларнинг оммавий муштлашувига қирғизистонлик фуқаролар бильярд клубида жароҳат олганидан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган нотўғри маълумот сабаб бўлган. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб РБК хабар қилди.
Элчихонанинг маълумот беришича, 10 июл куни тўрт нафар қирғиз Химки шаҳридаги «Блок Пост» бильярд клубида жароҳатланган. Ижтимоий тармоқларда уларнинг тиббий ёрдам машинасида ўтирган сурат ва видеолари тарқалган.
«Айрим фуқаролар бу ҳолатни фаол муҳокама қилган ва ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотлар тарқалган», — дейилади элчихона хабарида.
Шундан сўнг номаълум шахслар «Кузьминки» метро бекати яқинига йиғилиш ташаббуси билан чиққан ва «қирғиз ва тожик мигрантлари орасида миллатлараро низо келтириб чиқарган». Элчихонанинг маълумотига кўра, оммавий муштлашувда 180 киши қатнашган, 103 киши, жумладан, 72 нафар Қирғизистон фуқароси қўлга олинган. 

Эслатиб ўтамиз, 12 июл куни Москвада «Кузьминки» метро бекати ёнида марказий осиёлик мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув юз бергани хабар қилинганди. Турли маълумотларга кўра, муштлашувда 50дан 200 нафаргача одам иштирок этган. ОАВда можаро ўзбек ва қирғиз ишчилари ўртасида рўй бергани айтилганди.
Кейинроқ Москва шаҳар ИИВ бош бошқармаси оммавий муштлашувда Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари қатнашгани, унинг иштирокчилари Россиядан депортация қилиниши ҳақида хабар қилди.
Бундан ташқари, улар суд қарорига кўра жаримага тортилади. «Қатор шахсларга нисбатан» Россияга кириш тақиқланади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий