КХШТ Афғонистон билан чегарадаги вазиятда Тожикистонга ёрдам беришини маълум қилди

КХШТ Афғонистон билан чегарадаги вазиятда Тожикистонга ёрдам беришини маълум қилди
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Тожикистон Афғонистон билан чегарадаги вазият юзасидан ёрдам сўраса, унга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов маълум қилди.
КХШТ унга кирувчи давлатлар – Россия, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилувчи ҳарбий-сиёсий блок ҳисобланади.
«Тожикистонга КХШТ томонидан у сўраган барча зарурий ёрдам кўрсатилади. Бу сиёсий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ёрдам бўлиши мумкин», деб айтган Зайнетдинов.
Унинг таъкидлашича, КХШТда тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли давлатлараро дастур тайёрлашга оид ишлар олиб борилмоқда. Бу КХШТда 2021 йилда раислик қилаётган Тожикистон фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
22 июнда Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасини қўриқлаётган афғон чегарачилари толиблар ҳужумига учраган. Тўқнашувлар давомида 134 нафар афғон ҳарбийси Тожикистондан бошпана сўрашга мажбур бўлган. 27 июнда эса яна 17 нафар афғон ҳарбийси толиблар билан тўқнашувлар вақтида чекиниб, Тожикистон томонга ўтган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий