Нафтали Беннет: Исроилда Нетаняҳу ўрнига келиши кутилаётган сиёсатчи ҳақида нималар маълум?
Кейинги икки йиллик учун Исроилнинг янги бош вазири Нафтали Беннет бўлиши кутилмоқда - у муросасиз ўнгчи, исроилликлар ва фаластинликлар учун «икки давлат» формулисига қатъий қарши турувчи сиёсатчи, собиқ ҳарбий, миллионер.
Март ойидаги сайловларда 49 ёшли Беннет раҳбарлигидаги «Ямина» (тўлиқ номи «Ха-Ямин Ха-Хадаш» - ивр. «Янги ўнглар») 120 ўринли кнессетда 7 ўринни қўлга киритган, аммо икки асосий партиянинг кучлари тенг бўлиб қолган шароитда унинг фракцияси тарози палласини у ёки бу томонга оғдира оладиган вазн бўлиб қолмоқда.Беннетга ҳозирги бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳам, мухолифат раҳбари Яир Лапид ҳам бош вазирлик лавозимини таклиф этди.
Беннет, марказчи Лапид билан ғоявий жиҳатдан яқин эмаслигига қарамасдан, айнан мухолифатчилар томонга ўтди - бу эса 12 йил мобайнида узлуксиз мамлакатни бошқарган Нетаняҳунинг даврига якун ясайди.
Исроил: мухолифат Нетаняҳусиз ҳукумат шакллантирди, Нафтали Беннет янги бош вазир бўлиши кутилмоқда
Нафтали Беннет Ҳайфада туғилган, унинг ота-онаси АҚШдан кўчиб келишган. У ҳам Нетаняҳу каби Исроил армиясининг мамлакат душманлари ҳисобланган шахсларни қўлга олиш ҳамда гаровдагиларни озод қилиш каби амалиётларни бажарувчи махсус бўлинмаси «Сайерет Маткаль»да хизмат қилган.
Беннетни бир пайтлар Нетаняҳунинг қаноти остидаги одам деб ҳисоблашган: 2006-2008 йилларда у ўша вақтда мухолифат етакчиси бўлган Нетаняҳунинг аппарати раҳбари бўлган. Аммо кейин улар жанжаллашиб қолишган ва у таълим соҳасини ислоҳот қилиш режасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган жамоани бошқарган. У 2010 йилдан 2012 йилгача яҳудийларни Самария ва Ғазога кўчириш кенгаши директори бўлган, бу ҳудудлардаги қурилишларни музлатишга қарши ҳаракатга раҳбарлик қилган. 2012 йилда «Исроиллик» ҳаракатига асос солган. Бу орада у «Ликуд»ни бутунлай тарк этган ва ўнгчиларнинг «Яҳудий уйи» партиясига ўтган, кейинроқ у ўз номзодини партия раҳбарлиги учун қўйган, ички сайловда 67 фоиз овоз олиб, 2012 йил кузида партия раиси этиб сайланган.
Беннет 2019 йилга қадар, унинг ҳозирги янги ташкил этилган партияси навбатдаги парламент сайловларида муваффақиятсизликка учрагунча турли вазирлик лавозимларида ишлаган (2013-15 йилларда иқтисодиёт вазири, худди шу даврда Дин ишлари бўйича вазир, 2015-2019 йилларда Исроил таълим вазири). Аммо кейинги навбатдан ташқари сайловларда Беннет парламентга қайтган ва 2019 йил ноябридан 2020 йил майига қадар Исроил мудофаа вазири бўлган.
Беннетни ультрамиллатчи деб аташади, у ўзини Бинямин Нетаняҳудан кўра ўнгчи деб атайди. У Исроил яҳудийларнинг миллий давлати бўлиши керак деб ҳисоблайди ва Исроилда Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва исроилликлар томонидан 1967 йилда эгаллаб олинган Суриядаги Жўлон тепаликларига тарихий эгалик ҳуқуқи бор деб ҳисоблайди.
Исроил: Нетаняҳу янги коалицияга халал беришга уринмоқда, у ҳокимиятини сақлаб қола оладими?
Яҳудий манзилгоҳлари масаласи
Беннет анчадан буён яҳудийларнинг Ғарбий соҳилдаги манзилгоҳлари сақланиб қолиши учун курашиб келади. Бу манзилгоҳларда (Шарқий Қуддусдагилар билан қўшиб ҳисоблаганда уларнинг сони 140та атрофида) 600 мингдан ошиқ яҳудийлар яшайди. Жаҳон ҳамжамияти бу аҳоли пунктлари фаластинликлар ерида ноқонуний экспансия орқали жойлаштирилганини таъкидлаб келади, лекин Исроил ҳукумати бундай эътирозларга қўшилмайди.
Манзилгоҳлар масаласи - Исроил-Фаластин низосидаги энг муҳим жиҳатлардан. Фаластинликлар манзилгоҳлар йўқ қилинишини талаб қилишади. Нетаняҳу ҳам манзилгоҳлар сақланиб қолиши тарафдори, аммо Нафтали Беннет уни бу масаладаги етарлича қатъиятли деб ҳисобламайди.
Шу билан биргаликда, Беннет Ғазо секторидаги ҳудудларга даъволардан воз кечишни қўллаб-қувватлайди. 2000-2005 йиллардаги Иккинчи Интифада ортидан Исроил биртомонлама равишда Ғазо секторидан қўшинларини ҳам, аҳолисини ҳам чиқариб, ҳудудни ҲАМАСга қолдирганди.
Беннет инглиз тилида яхши сўзлашади ва хорижий телеканалларда чиқишлар қилиб, Исроил сиёсатини ҳимоя қилади.
Умуман олганда, у ОАВ имкониятларидан моҳирона фойдаланади ва тўғридан тўғри чиқишларда баъзида жуда қўполлик билан ҳаракат қилади. Бир сафар у Исроил телеканалида жонли намойиш этилган дебат вақтида яҳудийлар Ғарбий соҳилда жойлашишга ҳақли эмаслигини айтишига жавобан Беннет шундай деганди: «Сиз ҳали дарахтдан пастга тушмасдан, бу ерда бизнинг яҳудийлар давлати бор эди!»
Беннет дунёнинг кўплаб давлатлари, шу жумладан, АҚШ ва унинг ҳозирги президенти Жо Байден томонидан қўллаб-қувватланадиган исроилликлар ва фаластинликлар учун икки алоҳида давлат тузиш ҳақидаги ғояни рад этади.
«Бир қарич ҳам бермаймиз»
«Мен Исроил еридан бир сантиметр ҳам бермайман. Нуқта», деганди Беннет шу йил февралида берган интервьюсида. У, аксинча, Яҳудия ва Самария (Иорданнинг Ғарбий соҳили)нинг катта қисмини Исроилга қўшиб олиниши керак деб ҳисоблайди.
Беннет «фаластинлик жангарилар» учун ўлим жазоси амал қилишини қўллаб-қувватлайди, лекин замонавий Исроилда ўлим жазоси йўқ, фақат бир истисноли ҳолат рўй берган - 1962 йилда исроилликлар нацист жиноятчи Адольф Эйҳманни осиб ўлдиришган.
2018 йилда, Ғазо секторида ўнглар ва ҲАМАС ўртасида юзага келган навбатдаги низо чоғида Беннет ўт очишни тўхтатишга қарши чиққанди. Май ойида бўлиб ўтган сўнгги уруш вақтида Беннет (ва бошқа кўплаб исроиллик сиёсатчилар) Исроил ҳудудига биринчи бўлиб ракеталар учира бошлаган ҲАМАС етакчиларининг ўзи Исроилнинг жавоб зарбалари оқибатида вафот этган тинч аҳоли вакиллари ўлимида айбдор эканини айтиб ўтганди.
Беннет учун энг муҳим мавзулардан бири - миллий ғурур ва ўзига ишонч мавзусидир. 2014 йилда у сўл либералларнинг New York Times ва «Гаарец» газеталарида Исроил олиб бораётган сиёсат танқид қилинишига жавобан сатирик видеороликни суратга олади, у роликда атрофдаги ҳаммадан узр сўраб юрадиган яҳудий-ҳипстер ролида чиқади. Ролик охирида эса ўз қиёфасига қайтиб шундай дейди: «Бас, бугунги кундан узр сўраш йўқ!»
Сиёсатга кириб келишидан олдин Нафтали Беннет ҳарбий хизматда, кейин эса бизнесда сезиларли муваффақиятларга эришган. Майор Беннет Исроил махсус топшириқли бўлинмаларининг иккитасида хизмат қилган ва бир неча марта жанговар ҳаракатларда иштирок этган. Хизматдан захирага олингач эса компьютер технологиялари соҳасида стартап қилиб, бизнесини сотганидан кейин мультимиллионерга айланган.
«Мен бирданига 17 стейк ея олмайман, менда хусусий самолёт ёки яхталар йўқ. Мен шунчаки ўзим учун озодлик сотиб олдим ва нимани истасам қиламан», деганди Беннет 2014 йилда берган интервьюсида.
Комментарии (0)