Порошенко америкалик сенаторлардан Байден ва Зеленскийни учраштиришни сўради

Порошенко америкалик сенаторлардан Байден ва Зеленскийни учраштиришни сўради
Украина собиқ президенти Пётр Порошенко америкалик сенаторлар делегациясидан АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленский учрашувини ташкиллаштиришни илтимос қилди. Порошенко АҚШ ва Украина президентлари Байден ҳамда Путиннинг Швейцариядаги ўзаро учрашувидан аввал гаплашиб олишларини хоҳламоқда.
«Украинанинг ишончли ва яхши дўстлари – сенаторларни кўп йилдан бери танийман. Улар Украинанинг АҚШ конгрессида ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъминлаб келишади. Байден ва Путин ўртасида Женевада ўтадиган музокаралардан олдин АҚШ президенти Зеленский билан учрашиши керак деб ўйлайман ва бу учрашув ташкиллаштирилиши учун сенаторлардан ёрдам сўрайман», деган Порошенко.
Собиқ президент сенаторлар билан Россиянинг «Шимолий оқим-2» газ транзитини ҳам муҳокама қилган. Сиёсатчининг фикрича, Зеленскийнинг газ қувури бўйича позицияси «мутлақ муваффақиятсиз» ҳисобланади: «Афсуски, бу Украина ва АҚШ президентлари ўртасида самарали мулоқот йўқлигидан далолат», деган Порошенко.
Аввалроқ Украина ва АҚШ Байденнинг Путин билан учрашувидан олдин Оқ уй раҳбарининг Зеленский билан телефон мулоқотини ташкиллаштириш имкониятини кўриб чиқаётгани айтилганди.
Россия ва АҚШ президентлари ўртасидаги учрашув 16 июнда Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади. Бу Путин ва Байденнинг президент сифатидаги илк учрашуви бўлади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий