Иқлим бўйича халқаро саммит ўз ишини бошлади
АҚШ президенти Жо Байден иқлим ўзгаришига қарши кураш масалалари бўйича саммитни очиб берди. Бу АҚШнинг янги маъмурияти томонидан ташкиллаштирилган биринчи йирик халқаро тадбир ҳисобланади.
Онлайн-режимда ўтаётган саммитда 40та давлат етакчиси иштирок этмоқда.Байден кириш нутқида барча давлатларни иқлим ўзгаришига қарши курашда бирлашишга чақирди. Унинг таъкидлашича, яқин ўн йил бу борада «ҳал қилувчи ўн йиллик бўлади».
«Мен мутахассислардан маслаҳат оламан ҳамда янада фаровон ва адолатли келажак учун салоҳиятни кўрмоқдаман. Фан хато қилмайди ва ҳаракатсизлик қиймати тобора ошиб бормоқда», деб айтган Байден саммитни очиш вақтидаги нутқида. У АҚШ 2030 йилгача атмосферага зарарли чиқиндилар чиқаришни 2 мартага қисқартиришини, 2050 йилгача эса умуман тўхтатишини айтган. Бироқ Байденнинг айтишича, АҚШ бир ўзи иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қила олмайди.
Ўз навбатида, Хитой раиси Си Цзиньпин нутқида ривожланган давлатларни иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича чораларни кучайтиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, Хитой 2026 йилдан бошлаб кўмир истеъмолини қисқартиришни бошлайди.
Саммитда бошқа етакчилар ҳам сўз олишлари кутилмоқда. Уларнинг чиқишлари Оқ уйнинг YouTube-каналида намойиш қилинмоқда.
Икки кун давом этадиган саммит 22 апрелда нишонланадиган Халқаро Ер кунига бағишланган. Унда ҳеч қандай ҳужжатлар имзоланмайди.
АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп атмосферада карбонат ангидрид гази миқдорини қисқартириш бўйича чораларни тартибга солувчи иқлим бўйича Париж келишувидан чиқишга қарор қилганди. Бироқ Байден ҳокимият тепасига келгач, Трампнинг бу қарорини бекор қилди.
Комментарии (0)