«Учрашув ҳақида гапиришга ҳали эрта» — Дмитрий Песков Путин ва Байден ўртасида ўтказилиши мумкин бўлган музокаралар ҳақида
13 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден телефон мулоқоти чоғида россиялик ҳамкасби Владимир Путинга икки томонлама саммит уюштириш таклифини берди. Оқ уй хабарига кўра, у учинчи давлат ҳудудида учрашиш таклифини билдирган. Кремлдагилар бу таклифга ҳозирча расмий жавоб бермади.
«Коммерсант FM»: телефон мулоқотида Жозеф Байден Владимир Путинга яқин келажакда учрашиш таклифини берди. Кремл бундай учрашув қачон ва қаерда ўтказилиши бўйича тасаввурга эгами?Дмитрий Песков: Ҳозирча бу учрашув аниқ ўтказилиши ҳақида гапиришга эрта. Бу янги таклиф ва у ўрганилади, таҳлил қилинади. Етакчилар бундай учрашув мавзуси дипломатик каналлар орқали муҳокама қилинишига келишиб олишди.
«Коммерсант FM»: АҚШ билан муносабатлардан келиб чиққан ҳолда Путин Байден билан нима ҳақида гаплашиши мумкин? Суҳбат якунлари бўйича хабарда Байден стратегик барқарорлик, қуролланиш устидан назорат, Эроннинг ядровий дастури, Афғонистон ва иқлим масалаларини муҳокама қилишга тайёрлиги эслатиб ўтилган. Кремлнинг фикрича, яна қандай масалаларни кўтариш керак? Ёки гаплашиш мумкин бўлган мавзуларнинг бори шуми?
Дмитрий Песков: Албатта, икки томонлама муносабатлар муҳим. Икки томонлама муносабатлар ўзаро манфаатларни ифодалаганда ва муҳокама жараёнида томонлар манфаатдор бўлганда муҳимдир.
«Коммерсант FM»: Томонлар Украина жануби-шарқидаги вазиятни муҳокама қилишни режалаштирмоқдами?
Дмитрий Песков: Томонлар ҳозирча муҳокама учун мавзулар рўйхатини тузишни режалаштирмаяпти. Яна бир бор такрорлашни истардим, ҳозирча бу учрашувга ҳеч қанақа тайёргарлик кетаётгани йўқ. Бундай саволларни қўйишга ҳали эрта.
«Комсомольская правда»: Кремль дипломатик каналлар орқали жаноб Байден ўз сўзлари учун узр сўраши бўйича саволни ташлайдими?
Дмитрий Песков: Мен бу саволни изоҳсиз қолдираман.
УНИАН: Икки давлат раҳбарлари Украина билан чегарада вазиятни юмшатиш зарурлиги масаласида умумий тушунчага эгами?
Дмитрий Песков: Бизнинг қуролли кучларимиз Россия ҳудудида қайта жойлаштирилиши юзасидан билдирилаётган барча хавотирларни, шу жумладан, Қўшма Штатларнинг хавотирларини асоссиз деб биламиз. Украина ҳудудидаги деэскалацияга фақат Украина қуролли кучлари провокацион ҳаракатлардан воз кечиши эвазига эришиш мумкин.
Bloomberg: Айта оласизми, Путин бу таклифни қабул қилдими ёки ҳали унинг жавоби маълум эмасми?
Дмитрий Песков: Мен боягина бу саволга жавоб қайтардим, бу ҳали янги таклиф, у яхшилаб кўриб чиқилади.
Bloomberg: Навальний мавзуси кўтарилганми?
Дмитрий Песков: Менимча, Навальний мавзуси кўтарилмаган, йўқ, йўқ, кўтарилмаган.
РИА Новости: Суҳбатнинг умумий оҳанги қандай эди? Уни қандай характерлаш мумкин?
Дмитрий Песков: Ишчи руҳида.
РИА Новости: Бу қисқа бўлдими ёки давомли?
Дмитрий Песков: Бу мулоқот якунлари бўйича ҳар икки томон берган маълумотларга қараб туриб, ўзингиз ҳам суҳбат етарлича узоқ давом этгани ҳақида хулоса қилишингиз мумкин.
РИА Новости: Украина мавзуси муҳокамасидан қандай таассуротлар олдингиз? Сиз нима деб ўйлайсиз, бу у ердаги кескинлик юмшашига хизмат қиладими? Вашингтоннинг бу мавзудаги кайфияти қанақалигини сездингизми?
Дмитрий Песков: Мен бу саволни унча тушунмадим. Вашингтон Киевга бўлган таъсиридан фойдаланган ҳолда украинларни провокацион ҳаракатлардан воз кечишга ундай олади.
РИА Новости: Сизнингча, у бу таъсиридан фойдаланадими ёки бетарафликни сақлаб қоладими?
Дмитрий Песков: Бу савол бизга эмас.
Комментарии (0)