Европа иттифоқида июндан эмланганлик ҳақидаги сертификат жорий қилинади
15 июндан Европа иттифоқининг 27та давлати фуқаролари учун умумий саломатлик сертификати жорий қилинади. Ушбу ҳужжатда коронавирусга қарши эмланганлик ҳақидаги ахборот сақланади.
Эмлаш бўйича еврокомиссар Терри Бретоннинг LCI телеканалига берган интервьюсига кўра, сертификатни смартфонга юклаш ёки қоғоз шаклида чиқариб олиш мумкин бўлади.“У мажбурий эмас, бироқ авиакомпаниялар уни талаб қилиши мумкин”, деб қўшимча қилган Бретон.
Таъкидланишича, QR-кодга эга ҳужжатда унинг эгаси исми-шарифи, туғилган санаси, паспорт рақами, эмланганлиги ва бунда қайси вакцина қўллангани, коронавирус билан касаллангани ёки йўқлиги ҳақидаги маълумот сақланади.
Ушбу ҳужжатни олишни истовчилар уни ўз давлатларида сўрашлари керак бўлади. Бретонга кўра, ҳужжатни жорий қилишдан мақсад “Европа иттифоқида ҳаракатланишни тиклаш, одамларнинг нормал ҳаёт тарзига қайтиши ва ўзи ҳамда ўзгалар учун хавфсиз ҳаракатлана олиши” ҳисобланади.
Комментарии (0)