Индонезияда худкушлар черков олдида портлаш содир этди

Индонезияда худкушлар черков олдида портлаш содир этди

Индонезиянинг Жанубий Сулавеси провинцияси маркази Макасар шаҳрида католик черков яқинида портлаш содир этилиши оқибатида камида 14 йўловчи жароҳат олган.

Маҳаллий нашрлар полицияга асосланиб хабар беришича, худкушлар икки нафар бўлган, улар одамлар якшанба ибодатидан чиқиб келишини пойлаб, портловчи қурилмаларни ҳаракатга келтирган.
Полициячилар Reuters агентлигига воқеа жойида мотоцикл қолдиқлари ва икки террорчининг танаси парчалари топилгани ҳақида хабар беришган.
Миллий полиция вакилининг хабарларига кўра, худкушлар бино ичига киришга ҳаракат қилишган.
Бундан аввал ҳам террорчилар христианлик черковларига ҳужумлар уюштирган, аммо бу сафар мамлакатдаги радикал гуруҳларнинг ҳеч бири содир этилган ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмаяпти.
Роҳиб Вильхемус Тулак Metro TV телеканалига берган интервьюсида, қўриқчилар террорчиларни тутиб олишга урингани ҳақида айтган.
Унинг сўзларига кўра, айрим жабрланувчиларнинг аҳволи оғир.

Портлаш черковнинг ён томондан кириш қисмида содир бўлган. Кузатув камераларига муҳрланган кадрларда олов чақнаши, қуюқ тутун ва йўллардаги парчаларни кўриш мумкин. Макасар мэри Дэнни Помантонинг айтишича, агар портлаш асосий дарвоза олдида содир этилганида, талафот жиддийроқ бўлиши мумкин эди.
Индонезия - дунёда энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат ҳисобланади. Яқин ўтмишда ҳам бир неча марта черковлар радикал кучлар нишони бўлиши кузатилган.
2018 йилда Сурабайя порт шаҳридаги черков ва полиция бошқармасига давомли ҳужумлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлганди. Полиция бу ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИДнинг маҳаллий гуруҳи зиммасига юклаган.
Индонезиядаги энг қонли теракт 2002 йилда Бали оролида рўй берган. Жангарилар туристлар билан гавжум районга ҳужум қилиши 202 кишининг ўлимига сабаб бўлган, ҳалок бўлганларнинг аксари хорижликлар эди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий