AstraZeneca вакцина таркибида чўчқа унсурлари йўқлигини маълум қилди
AstraZeneca компанияси энг кўп мусулмон аҳолига эга мамлакат – Индонезияда тарқалган хавотирларга жавобан, коронавируга қарши ишлаб чиққан вакцинаси таркибида шариатда тақиқланган чўчқа унсурлари йўқлигини маълум қилди.
Индонезиянинг олий мусулмон кенгаши жума куни AstraZeneca вакцинаси таркибида чўчқанинг ошқозоности безидан олинган трипсин моддаси борлигини айтиб, уни ҳаром деб фатво берган, лекин препаратни фақат пандемия шароитидагина фавқулодда қўллашни маъқуллаганди.Бугун, 21 март куни AstraZeneca'нинг Индонезиядаги вакили Ризмон Абудайри шу масалада баёнот берди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
«Бу вектор вирусли вакцинани ишлаб чиқариш жараёнининг ҳеч бир босқичида чўчқа ё бошқа ҳайвонлардан олинадиган бирор унсурдан фойдаланилмайди, бу каби унсурларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига алоқаси йўқ », – дейилади расмий чиқишда.
Индонезия Озиқ-овқат ва дори-дармон агентлиги ҳали масала юзасидан изоҳ берганича йўқ.
Сўнгги маълумотларга кўра, Индонезияда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1,4 миллиондан ошган, 40 мингга яқин қурбон берилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга халқаро ҳамжамият томонидан 2,6 миллион доза CoviShield вакцинаси бепул тақдим этилиши кутиляпти. Бу – AstraZeneca вакцинасининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган муқобили. 17 март куни ушбу вакцинанинг 660 минг дозадан иборат биринчи партияси олиб келинди.
Комментарии (0)