Туркияда Анқаранинг Истанбул конвенциясидан чиқишига қарши норозиликлар бўлиб ўтди

Туркияда Анқаранинг Истанбул конвенциясидан чиқишига қарши норозиликлар бўлиб ўтди
20 март куни Туркияда мамлакатнинг аёлларни зўравонликдан ҳимоялаш ҳақидаги Истанбул конвенциясидан чиқиш қарорига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Минглаб одамлар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни ушбу қарорини бекор қилишга чақиришган.
Истанбулда намойишчилар ўлдирилган аёллар суратлари ва транспарантлар билан кўчага чиқиб, “Биз қўрқмаймиз. Биз бўйсунмаймиз” деб ҳайқиришган. ОАВ маълумотларига кўра, шунга ўхшаш акциялар пойтахт Анқарада ва Измирда бўлиб ўтган. 
Европа кенгашининг Истанбулда имзоланган конвенцияси оилада аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган. Бироқ турк консерваторлари бу конвенция оилавий қадриятларга путур етказади, деб ҳисобламоқдалар. Улар, шунингдек, эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгҳуқуқлик тамойилига қарши чиқадилар.
Анқаранинг конвенциядан чиқишига қаршилар Европа иттифоқига киришга аъзо ҳисобланган Туркия ушбу хатти-ҳаракати билан Европа қадриятларидан янада узоқлашишини айтишмоқда. 
Ўз навбатида, Европа иттифоқи Туркиянинг ҳужжатдан чиқишини тушунмаётгани ва бундан афсусдалигини айтган. 
“Биз Туркиянинг ҳаттоки Истанбул номини олган бу ҳужжатдан чиқишидан афсусдамиз ва бу қарорни тушунмаяпмиз”, деб айтган Европа иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.
Унинг таъкидлашича, пандемия вақтида бутун дунёда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик янги даражага чиқди ва шу сабабли унга қарши глобал саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш лозим.
“Биз Туркияни ўз қарорини бекор қилишга чақирамиз. Умид қиламизки, у яна ушбу конвенцияга қўшилади”, деб таъкидлаб ўтган Боррел.
Ҳозирда конвенцияни 47 мамлакатдан 18таси ратификация қилган. 2011 йилда имзоланган конвенцияда зўравонликнинг олдини олиш бўйича минимал стандартлар баён этилган. 

Комментарии (0)

Оставить комментарий