ЖССТ AstraZeneca вакцинасини қўллашни давом эттиришни тавсия қилди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти давлатларга AstraZeneca компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасини қўллашни давом эттиришни тавсия қилди. Аввалроқ ушбу вакцина эмланганларда ножўя таъсирлар келтириб чиқариши, жумладан тромб ҳосил қилиши мумкинлиги сабабли кўплаб давлатларда қўлланиши тўхтатилганди.
“ЖССТ AstraZeneca вакцинасини қўллашнинг афзалликлари у билан боғлиқ хатарлардан устун деб ҳисоблайди ва у билан эмлашни давом эттиришни тавсия қилади”, деб айтилган ЖССТ баёнотида.Баёнотда таъкидланишича, ЖССТнинг вакциналар хавфсизлигини баҳолаш қўмитаси AstraZeneca вакцинасининг хавфсизлиги ҳақидаги охирги маълумотларни синчковлик билан ўрганмоқда ва бу жараён тугаши биланоқ натижалар маълум қилинади.
ЖССТда айтилишича, тиббиётда тромблар ҳосил бўлиши кам учровчи ҳодиса эмас ва вена тромбоэмболизми юрак-томир касалликлари орасида кенг тарқалганлик бўйича учинчи ўринда туради.
Аввалроқ бир қатор давлатлар, жумладан Германия, Франция, Италия, Испания AstraZeneca вакцинасини қўллашни тўхтатиб туришини эълон қилганди. Бу қарор вакцина билан эмланганларда тромблар ҳосил бўлгандан кейин қабул қилинган.
Кейинроқ Европанинг дори воситалари бўйича агентлиги (ЕМА) ижрочи директори Эмер Кук AstraZeneca вакцинаси билан эмлашнинг фойдаси унинг иккиламчи таъсирларидан устунроқ эканини айтган.
AstraZeneca маълумотларига кўра, айни вақтда вакцина билан Европа иттифоқи ва Британияда 17 млн киши эмланган. Ўтган ҳафта ҳолатига кўра, уни қўллашдан кейин тромблар ҳосил бўлиши билан боғлиқ 40тага яқин ҳолат қайд қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистон AstraZeneca вакцинасининг ҳиндча муқобили ҳисобланган CoviShield вакцинасидан 660 минг доза қабул қилиб олгани хабар қилинганди. Феврал ойи бошида Ўзбекистон Британиядаги Оксфорд университети ва AstraZeneca компанияси томонидан тайёрланган вакцинадан 2,6 миллион доза олиши ҳақида маълумот берилган.
Комментарии (0)