Евроиттифоқ россиялик корчалонларга қарши. Рўйхатда кимлар бор?
Европа Иттифоқи кенгаши Россиядаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига қарши санкциялар қўллашни кўриб чиқмоқда. Алексей Навальнийнинг коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ва Европарламент депутатлари санкцияларни россиялик олигархларга қарши қўллашни таклиф қилишмоқда. Санкциялар кимларга дахлдор бўлади?
Европа ташқи ишлар вазири Жозеп Боррелнинг Москвага ташрифидан сўнг Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкциялар қўллаши борасидаги талаблар кучайиб кетди. Улар орасида ўнлаб европалик сиёсатдонлар имзо чеккан мактуб ҳам бор. Санкцияларга жавобгар Европа Иттифоқи давлатларининг ташқи ишлар вазирлари бу масалани 22 феврал куни Брюсселда кўриб чиқади. DeutcheWelle нашрининг Евроиттифоқдаги манбаларига кўра «Россияда инсон ҳуқуқларининг қўпол, аниқ ва жиддий бузилгани» учун санкциялар тайёрланиш жараёнида.Россиялик олигархларга қарши санкциялар бўладими?
Ундан ташқари, евродепутатлар Россия президенти Владимир Путинни ўз сиёсатини ўзгартиришга мажбур қилишнинг янги усули ҳақида муттасил гапириб келишмоқда. Европарламентнинг чет эл аралашуви қўмитаси раиси, франциялик социал-демократ Рафаэл Глюксманн бу борада анча фаол.
Боррел билан дебатларда у Путиннинг Евроиттифоқ билан ҳамкорлик қилишни истамаётгани ва Брюссел буни тушуниши лозимлигини уқтиришга уринди. «Чорасиз қолишни бас қилиш ва оғрийдиган жойга зарба бериш керак: кармонга. Келинглар, ҳисобларни музлатамиз, яхталар ҳибсга оламиз, корчалонларнинг пулларини блоклаймиз», дейди у.
Санкциялар қўлланадиган россияликлар рўйхати эса бор. Рўйхатни Навальнийнинг коррупцияга қарши курашиш жамғармаси тузган ва 3 февралда Евроиттифоқ раҳбариятига тақдим этган. Рўйхатга асосан катта тадбиркорлар киритилган: Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Олег Дерипаска ва Шеннадий Тимченко.
Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича расмий вакили Петер Станонинг баёнот беришича, Навальнийнинг жамғармасига керакли вақт ва керакли шаклда жавоб берилади, лекин ОАВ орқали эмас.
Европа Иттифоқининг олигархларга қарши санкциялар режими борми?
Евроиттифоқда санкциялар жорий қилиш қисман сиёсий масала. Бундай қадам ташланиши учун ҳуқуқий асослар зарур. Асослар алоҳида давлатларга боғлиқ. Россияга қарши санкциялар Украинага тегишли Қрим яриморолининг аннексия қилингани ва Украинадаги ҳолатни беқарорлаштиришга уринилгани учун жорий қилинган.
Путинга яқин бўлган тадбиркорлар Аркадий Ротенберг ва Юрий Ковальчукка айнан шундай санкциялар қўлланган. Ротенбергга санкция қўлланиши унинг компаниялари Керч кўпригини қуришда иштирок этгани туфайли, Ковальчукка тегишли «Россия» банки эса аннексия қилинган ҳудудда фаол ишламоқда.
Сўнгги йилларда Евроиттифоқ географик жойлашувга боғлиқ бўлмаган бир неча санкциялар ҳам жорий қилган: масалан, кимёвий қуролдан фойдаланиш ва киберҳужумлар учун. Навальний «Новичок» кимёвий моддаси билан заҳарланиши можаросидан кейин биринчи пункт бўйича санкциялар жорий қилинганди. Бироқ бундай сабаблар билан корчалонларга санкция қўллаб бўлмайди. Навальний жамғармасининг мактубида айтилишча, корчалонлар «Путин режимига хос қатағонлар ва порахўрлик» иштирокчиларидир.
«Магнитский қонуни»ни корчалонларга қўллаш мумкинми?
«Россия билан мулоқот қилсангиз, унга таъсир қилиб бўлмайди. Биз ихтиёримизда мавжуд бўлган инструментлардан фойдаланишимиз керак. Масалан, айрим олигархлар активларини музлатиб қўямиз ва уларга киришни тақиқлаймиз. Бу инструментлардан фойдаланган ҳолда биз рус халқига ҳужум қилмаймиз ва ўз бизнесимизга зарар етказмаймиз», дейди Европа консерваторлари ва Европарламентда ислоҳотчилар фракцияси раиси Ассита Канко.
Бундай инструментни у географик боғланишсиз учинчи режим деб атайди – буни инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши санкцияларни жорий этишга мўлжалланган «Магнитский қонуни» деса ҳам бўлади. «Бизда активларни музлатиб қўйиш ва Путинни қўллаб-қувватловчи шахсларга киришни тақиқлаб қўйиш инструменти мавжуд. Шу йўсинда биз унинг клептократиясига зарба беришимиз мумкин», деб ҳисоблайди Канко.
Бу режим санкция киритиш мумкин бўлган инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишини назарда тутади. Хусусан, бу қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатда бўлиш, истаганча ҳибсга олиш, тинч намойишлар ва сўз эркинлиги ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилишидир.
«Бизни, айниқса, Россиядаги инсон ҳуқуқлари ташвишга солади. Намойишларга чиқаётган одамларни оммавий равишда ҳибсга олишмоқда», дейди Европарламентнинг ташқи ишлар бўйича қўмитаси аъзоси, австриялик социал-демократ Андреас Шидер. У ҳам санкцияларнинг инсон ҳуқуқлари бузилиши учун муносиб инструмент деб ҳисоблайди. «Бу мақсадли санкциялар демократияга терс иш кўраётганлар, ҳибсга ва қўлга олишга буюраётганлар ва уларни молиялаштираётганларга қарши. Биз айрим давлатларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат жуда ёмон экани, бунга айбдор элита эса Европага шопинг учун келиб, пойтахтларимиздаги ҳаётдан роҳат олиб кетишларига қараб тура олмаймиз», дея қўшимча қилган Шидер.
Евроиттифоқда пул ювишга қарши кураш
Евродепутатлар, хусусан, Канко ва Шидер бошқа инструмент ҳақида ҳам гапириб ўтишган – пул ювишга қарши кураш. Бу санкциялар билан боғлиқмас. Гап келиб чиқиши шубҳали бўлган пулларнинг ҳуқуқий жиҳатдан ўрганилиши ҳақида. АҚШнинг Atlantic Council таҳлилий маркази ҳисоб-китобларига кўра, хорижда Россиядан шубҳали тарзда олиб чиқилган 1 триллион доллар яширилган.
18 февралда шу масала юзасидан евродепутат Андрюс Кубилюс уюштирган мунозарада Литва молия вазири ўринбосари Андрюс Лютвинскас россиялик олигархлар ҳисоби Евроиттифоқда музлатилгани ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди. «Ҳозирги чекловлар бунга мосланмаганини тушуниш керак. Улар ноқонуний пул оқимига қарши йўналтирилган», дейилади DW нашрига. Еврокомиссия матбуот хизмати эса россиялик олигархлар томонидан пул ювилиши ҳақида умуман эсламаган. Лекин Еврокомиссия тез орада пул ювишга қарши чораларни кучайтириш бўйича таклифлар берилишини қистириб ўтишган.
Комментарии (0)