АҚШда юз берган фалокатдан кейин Boeing 777 самолётлари текширилади

АҚШда юз берган фалокатдан кейин Boeing 777 самолётлари текширилади
АҚШнинг Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA) United Airlines авиакомпаниясининг Pratt & Whitney PW4000 двигателига эга Boeing 777 самолёти билан юз берган фалокатдан кейин бу турдаги самолётларни текширишни талаб қилди. Самолёт 21 февралда Колорадо устидан учаётганда двигатели ишдан чиқиб, қопламаси бўлаклари аҳоли яшайдиган ҳудудга тушган. Авиакомпания шундан кейин бундай двигателли 24та Boeing 777 самолётини фойдаланишдан олган. 
     
Япония ҳукумати ҳам худди шу турдаги двигателга эга Boeing’лар эксплуатациясини тўхтатишга қарор қилди ва FAA билан бирга тегишли маълумотни тўпламоқда. Расмий Токио бундай самолётларга эга маҳаллий авиакомпаниялар All Nippon Airways ва Japan Airlines авиакомпанияларини ушбу тақиқловдан хабардор қилди.
21 февралда бортида 231 йўловчи ва экипажнинг 10 аъзоси бўлган Boeing 777-200 самолётининг двигателларидан бири парвоз вақтида ишламай қолганди. Двигателнинг қопламаси бўлаклари ундан ажралиб кетиб, аҳоли яшайдиган ҳудудга тушган. Шундан кейин самолёт бир двигателда қўнишга муваффақ бўлган. Воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
ОАВ маълумотларига кўра, двигател алангаланган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий