Удмуртия Россияда ниқоб тақиш талаби бекор қилинган биринчи минтақа бўлди
12 февралдан бошлаб Удмуртияда тиббий ниқобларни мажбурий тақиш талаби бекор қилинади. Бу ҳақда республика раҳбари Александр Бречалов хабар берди.
«12 феврал жума кунидан бошлаб [минтақадаги] ниқоб тақиш режими тавсиявий характерга эга бўлади», - дея унинг сўзларини келтирмоқда ТАСС. Шу билан бирга, республика раҳбари жамоат жойлари, дўконлар, театрлар ва транспортда тиббий ниқоблардан фойдаланишга чақирди.РБК’нинг таъкидлашича, Удмуртия Россияда ниқоб тақиш талаби бекор қилинган биринчи минтақа бўлди.
2020 йил октябр ойида «Роспотребнадзор» Россия ҳудудлари раҳбарларига жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш режими устидан назоратни кучайтиришни тавсия қилди. Орадан бир ой ўтмасдан, 18 ноябр куни, мамлакат бош вазири ўринбосари Татяна Голикова «мамлакатнинг барча минтақаларида ниқоб режими жорий қилинган», деб хабар берди.
Декабр ойининг ўрталаридан бошлаб Россияда янги аниқланган коронавирус инфекцияси ҳолатлари сони аста-секин камайиб бормоқда. 9 феврал куни соат 11:00га қадар Россияда тўрт миллионга яқин касаллик ҳолати қайд этилди. Ўтган вақт давомида, федерал тезкор штаб маълумотларига кўра, коронавирусга чалинган 77 598 киши вафот этди.
Комментарии (0)