Пентагон Эронни Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асосий манбаси деб атади
АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар президент Доналд Трамп даврида таранглашганди.
Эрон Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асосий манбаси ҳисобланади. АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Фрэнк Маккензи ана шундай баёнот билан чиқди."Менинг фикримча, беқарорлик олиб келаётган энг жиддий кучдан бошлайман – бу Эроннинг ҳаракатлари. Эрон режими 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида халқаро меъёрларга амал қилмасдан терроризм ва террорчи ташкилотларни молиялаштириб ва фаол қўллаб-қувватлаб келди. Эрон Ироқдаги беқарорликнинг асосий манбаси ҳисобланади. Эроннинг ҳаракатлари Сурия ва Яманда кузатилаётган беқарорликка ҳам олиб келмоқда", - деб таъкидлади у.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар президент Доналд Трамп даврида таранглашди. 2020 йил 3 январда Бағдод аэропортида ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужуми оқибатида ўлдирилганидан сўнг бу кескинлик янада авж олди.
Аввалроқ АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти иқтисодий санкцияларни сақлаб қолган ҳолда Эроннинг молиявий аҳволини енгиллаштириш йўлларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.
Bloomberg агентлиги манбаларининг маълумот беришича, муҳокама қилинаётган йўллардан бирида коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун Эронга Халқаро валюта жамғармаси томонидан қарз берилиши ҳамда мамлакатга халқаро инсонпарварлик ёрдами етказилишига тўсиқ бўлаётган тақиқларни юмшатишни кўзда тутилмоқда.
Айрим маълумотларга кўра, Оқ уйнинг янги раҳбари Доналд Трампнинг Эрон билан ядровий келишувдан чиқиш тўғрисидаги фармонини бекор қилиши ҳам мумкин. Аммо Эронга нисбатан киритилган барча санкцияларни тўлиқ бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмаяпти.
Комментарии (0)