Ҳаити: ҳукумат давлат тўнтариши ва президентга суиқасднинг олди олинганини маълум қилди
Якшанба куни Ҳаитида 23 киши, шу жумладан, Олий суд судьяси, полициянинг юқори лавозимли амалдори ҳам давлат тўнтариши ва республика президенти Жовенел Моизга суиқасд тайёрлашда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Рокфеллер Винсентга асосланиб, «Франс пресс» агентлиги хабар тарқатди.
«Мен сарой хавфсизлик хизмати раҳбаридан миннатдорман. Бу одамларнинг мақсади ҳаётимга қасд қилиш бўлган. Бу режанинг олди олинди», деган президент Моиз.Айни вақтда ушбу мамлакатдаги давлат тўнтаришига уринишнинг ортида ким тургани маълум эмас. Ҳаити Ғарбий ярим шардаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири бўлиб, аҳолининг 60 фоизидан ортиғининг кунлик даромади 2 доллардан камроқни ташкил қилади.
Ҳаити сиёсий инқироз шароитида қолмоқда - амалдаги ҳукумат ва мухолифат амалдаги президент ҳокимиятда қанча вақт қолиши борасида баҳслашмоқда.
Моиз конституцияга кўра унинг ваколати муддати бир йилдан кейин, 2022 йилнинг 7 февралида тугашини айтмоқда. Мухолифат эса қонунан унинг ҳокимиятдаги охирги куни 2021 йил 7 феврали бўлганини даъво қилмоқда.
Мухолифатчилар бир неча йилдан бери орол давлат пойтахти Порт-о-Пренсда коррупция ва жиноятчилик ўсишига қарши намойишлар ўтказиб келади.
Якшанба куни полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.
Ўтган йилнинг февралида ҳам намойишчилар пойтахтда баррикадалар ўрнатиб, полициячилар эса меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилган ҳолда армия штабига ҳужум уюштирганида ҳукумат давлат тўнтаришига уриниш содир бўлгани ҳақида эълон қилганди.
АҚШ Давлат департаменти бу масалада Моизни қўллаб-қувватламоқда.
Жума куни Давлат департаменти вакили Нед Прайс расмий Вашингтон мамлакатда ҳалол ва шаффоф парламент сайловлари ўтказилишига чақиришини маълум қилганди.
Моиз ҳам апрел ойида мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказишни режалаштирмоқда.
Бир қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари БМТга мурожаат қилиб, референдум ўтказилишига йўл қўймаслик ва Моизнинг «демократияга қарши режалари»ни қўллаб-қувватламасликни сўраган.
Комментарии (0)