Дунёдаги вазият: ЕИ ва Британия ўртасида «вакцина уруши», Франция чегаралари ёпилди, Аргентинада бойларга солиқ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бадавлат давлатларни қашшоқ мамлакатлар ҳақида ўйлашга ва вакцина туфайли баҳслашишни тўхтатишга чақирди. Аргентинанинг энг бой одамларига пандемия туфайли солиқ солинди. Франция Европадан ташқарида келувчилар учун чегараларини ёпди.
BBC дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият ҳақидаги хабарларни кунлик обзорида жамлади.Жонс Ҳопкинс Университети маълумотларига кўра, бутун дунёда Covid-19 билан касалланганлар сони 103 миллиондан ошган, 2,2 миллиондан ошиқ киши ҳалок бўлган.
ЖССТ «вакцина миллатчилиги»га қарши
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жума куни Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган вакциналар экспортини назорат қилиш бўйича схемани танқид қилди.
AstraZeneca компанияси Европа Иттифоқи билан шартнома бўйича ваъда қилинган вакциналарнинг 60 фоизи етказиб берилиши тўхтаб қолгани ҳақида маълум қилгач, ЕИ экспорт назоратини жорий этишга қарор қилди. Аввалроқ ЕИ компанияни Британия учун мўлжалланган вакциналарининг бир қисмини Европа Иттифоқига йўналтиришга чақирганди. Британияда эса бу чақириқни ғазаб билан қаршилашди, компания ҳам Британия билан шартнома уч ой муқаддам имзолангани туфайли ЕИнинг бу таклифини рад этди. Бундан ташқари, Британияда коронавирус билан боғлиқ вазият Европанинг бошқа қисмларидагига қараганда ёмонроқ.
ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус Давос саммитидаги чиқишида ЕИ ва Британиянинг ҳаракатларини «вакцина миллатчилиги» деб атади, бу фақат пандемияни узайтириши ва бой ҳамда қашшоқ мамлакатлар ўртасидаги тафовутни янада кучайтиришини айтиб ўтди.
ЖССТнинг бошқа бир вакили, фавқулодда вазиятлар бўйича дастур раҳбари Майкл Райан ҳам бой халқларни яқин орада вакцина етиб бормайдиган қашшоқ давлатларни қўллаб-қувватлашга чақирди. «Бу худди катта пирог учун талашишга ўхшайди, бу вақтда бошқаларга урвоқ ҳам йўқ», деган Райан.
ЕИ жорий этган экспорт назорати схемасига кўра, маълум ҳудуддаги вакцина ишлаб чиқарувчиси ўша ҳудуд ҳукуматидан ўз маҳсулотини хорижга экспорт қилиш учун рухсат сўраши керак бўлади.
Агар компания ЕИ давлатлари учун ажратилган вакцинасини етказиб бермаган бўлса, ЕИ компанияга рухсат бермаслиги мумкин.
Нафақат AstraZeneca, балки Pfizer ҳам Бельгиядаги заводида иш ҳажмини кенгайтириш учун қурилиш ишлари олиб борилаётгани туфайли ЕИ учун вакциналар етказиб беришни вақтинча қисқартириши ҳақида эълон қилганди.
Назорат жами 100 давлатга экспортни, шу жумладан, Буюк Британия, АҚШ ва Австралия қамраб олади. Бу рўйхатдан кўплаб ривожланаётган давлатлар, жумладан, Covax дастури бўйича бепул вакцина етказиб бериладиган давлатлар ўрин олмаган.
Novavax вакцинаси
Британияда ўтказилган клиник синовларнинг учинчи босқичи якунларига кўра, Американинг Novavax биотехнологик компанияси вакцинасининг самарадорлик даражаси 89,3 фоизни ташкил этди.
2020 йил июлида Novavax АҚШ ҳукумати клиник синовлар ўтказиш учун унга 1,6 миллиард доллар ажратганини маълум қилган, бир ойдан кейин эса тадқиқотларнинг иккита босқичи муваффақиятли ўтгани эълон қилинган эди.
Якуний босқичда 18 ёшдан 84 ёшгача бўлган 15 мингдан ортиқ киши қатнашган, 65 ёшдан катталар 27 фоизни ташкил этган.
Аммо бошқа синовлар Novavax Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг янги штаммидан ишончли даражада ҳимоялай олмаслигини кўрсатган. Ушбу ҳудудда ўтказилган синовларда вакцина фақат 60 фоизлик самарадорлик қайд этган.
Аввалроқ Pfizer ва Moderna компаниялари ўз вакциналари янги штаммга қарши юқори самарадорликка эгалиги ҳақида маълум қилганди.
Novavax билан эмлаш икки босқичда ўтказилади. Бу вакцина бозордаги бошқа вакциналардан фарқлироқ ишлайди. Аммо у ҳам иммунитетни ўлимвор вирусни аниқлаш ва унга қарши курашишга ўргатади.
Буюк Британия Англия шимоли-шарқида тайёрланаётган ушбу вакцинага 60 млн доза буюртма берган.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, агар янги препарат Британия регулятори томонидан муваффақиятли синовдан ўтказилса, Бирлашган Қироллик аҳолиси бу вакцинани йилнинг иккинчи ярмидан қабул қила бошлайди.
Ҳозирча Буюк Британияда коронавирусга қарши учта вакцинадан фойдаланишга рухсат берилган: Оксфорд университети ва AstraZeneca фирмаси вакцинаси, Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинаси ҳамда Moderna компанияси вакцинаси.
Франция локдаун жорий этмайди, аммо чегаралар ёпилади
Франция ЕИдан ташқаридаги давлатлардан келувчилар учун чегараларини ёпади. Бу қоида юк машиналар ҳайдовчилари ва бошқа заруратлар билан келувчилар учун тааллуқли бўлмайди.
Жума куни мамлакат бош вазири Жан Кастекс умуммиллий карантин жорий этилмаслигини маълум қилди, бунгача янги штамм туфайли вазият ёмонлашгани туфайли шундай эҳтимол юзага келганди.
Локдаундан қочиш учун ҳукумат мамлакатга киришни чеклади, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган йирик савдо марказларини ёпди. Бош вазир телемурожаатида полиция қоидаларни бузганларни, айниқса ноқонуний зиёфатлар ташкилотчилари ва комендантлик соати вақтида ҳам ишлашда давом этадиган ресторанларни аёвсиз жаримага тортиши ҳақида маълум қилди.
Ҳозирда Францияда ресторанлар ва бошқа хизмат кўрсатиш бинолари соат 18:00дан соат 6:00гача ишламайди, ЕИнинг бошқа мамлакатларидан келувчилар сўнгги 72 соат ичида олинган ПЦР-тестнинг манфий намунасини кўрсатиши керак бўлади.
Жума куни Францияда 820 киши коронавирусдан вафот этганди. Пандемия вақтида қайд этилган жами ўлимлар сони 76 мингга яқинлашмоқда. Айни вақтда шифохоналарда 27 мингдан ортиқ бемор коронавирус ташхиси билан даволанмоқда, шундан уч мингдан ортиқ киши жонлантириш бўлимларига ётқизилган.
Аргентинада бойлар учун солиқ
Аргентинада мамлакатнинг энг бадавлат одамлари учун бир марталик солиқ жорий этилди. Бу йиғим ёрдамида ҳукумат соғлиқни сақлаш тизимини, шунингдек, пандемия туфайли ҳалокат ёқасига келиб қолган ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Ҳисобида 200 миллион песодан ( 2,3 млн доллар) ортиқ маблағ бўлган фуқаролар давлат хазинасига Аргентинада декларация қилинган маблағининг 3 фоизи, мамлакатдан ташқарида декларация қилинган маблағининг 5 фоизи миқдорида ўтказиб беради. Бу солиқ тахминан 12 минг фуқарога тааллуқли бўлиб, ҳукумат бу фуқаролардан жами 3 млрд доллар йиғишни режалаштирган.
Бу пулларнинг бир қисми ижтимоий ёрдам ва таълим грантларига ҳам йўналтирилади.
Декабрда шу ҳақдаги қонун лойиҳасига 42 сенатор овоз берган, 26 киши қарши чиққанди. Мухолифат бу солиқни танқид қилиб, уни мулкни мусодара қилишга тенглаштирган.
Аммо ҳукумат бу қадам аҳолининг кам таъминланган қатламига катта зарба берган пандемияга қарши курашда жуда муҳимлигини таъкидламоқда. Аргентиналикларнинг қарийб 40 фоизи қашшоқликда яшамоқда, ишсизлик даражаси 11 фоизни ташкил этади.
Ривожланаётган давлатлардаги қашшоқликка қарши курашиш билан шуғулланувчи Oxfam халқаро хайрия ташкилоти ўз ҳисоботида Аргентина ҳукумати қарорини олқишлаган.
Коронавирусни бошдан кечирганларда руҳий муаммолар
Ярим йил аввал Covid-19’га чалиниб тузалганларнинг ҳар саккизинчиси неврологик ёки психик касалликлар, жумладан деменцияни бошдан кечирмоқда. Оксфорд университети мутахассислари шундай хулосага келишган.
Тадқиқотчилар коронавирусни бошдан кечирган 235 мингдан ортиқ америкаликларнинг тиббий маълумотларини ўрганишган.
Шифохоналарда ушбу касаллик билан ётиб чиққан беморлар руҳий муаммолар қаршисида ожиз қолиши маълум бўлган, шу билан бирга, коронавирусни уйда ўтказганлар ҳам депрессия ва инсульт каби касалликларга мойил бўлиб қолишган.
Тадқиқот натижалари ҳали экспертлар баҳолашидан ўтмаган, аммо муаллифлар коронавирус руҳий соғликка жиддий зарба беришини таъкидлашмоқда. Бу оқибатлар нақадар ўнгланмас бўлиб чиқиши кейинги тадқиқотларда ўрганилади.
Комментарии (0)