Трамп Вашингтонни “ядро жомадончаси” билан тарк этиши маълум қилинди

Трамп Вашингтонни “ядро жомадончаси” билан тарк этиши маълум қилинди
АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Вашингтонни Жо Байденнинг инаугурациясига бир неча соат қолганда президент мақомида тарк этмоқчи ва ўзи билан бирга “ядро жомадончаси”ни олиб кетади. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.  
Таъкидланишича, Трамп 20 январда Вашингтондан Флоридага кетиш учун “биринчи рақамли борт”дан фойдаланмоқчи. Бу эса Трампга “ядро жомадончаси”га жавобгар ҳарбий ёрдамчиси ҳам ҳамроҳлик қилишини англатади. 
“Одатда “ядро жомадончаси” инаугурация вақтида, Байден қасамёд қабул қилаётганда минбар ёнида турадиган бошқа ҳарбий ёрдамчига топширилади. Бироқ Трамп Вашингтондан Флоридага Байден инаугурациясигача кетиши сабабли чоршанба куни “жомадонча” топширилиши ўзгача юз беради”, деб таъкидлаб ўтилган хабарда.
“Турли жойларда камида иккита жомадон бўлади, бу эса ҳокимиятнинг равон топширилишини таъминлаш учун муаммо бўлади”, деб таъкидлаб ўтилган хабарда.
Ядро қуроли масалалари бўйича америкалик тадқиқотчи Стивен Шварцнинг тушунтиришича, кенг тарқалган фикрга зид равишда, жомадончада ядро қуролини ишга туширувчи тугма ҳам, код ҳам бўлмайди. Бироқ унда махсус қурилма мавжуд ва АҚШ президенти зарба беришни буюришда қўллайдиган ваколатлар белгиланган. Бундан ташқари, президент ўзи билан бирга уни идентификацияловчи кодни сақловчи пластик картага эга бўлиши лозим.
Байден АҚШнинг янги президенти сифатида қасамёд қабул қилиши билан Трамп ядро зарбаси бериш бўйича барча ваколатлардан маҳрум бўлади ва жомадонда сақланувчи барча кодлар дарҳол фаолсизлашади. Трампга ҳамроҳлик қиладиган зобит эса “ядро жомадончаси” билан бирга Вашингтонга қайтади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий