Навалний Россияга қайтиши биланоқ ҳибсга олинди

Навалний Россияга қайтиши биланоқ ҳибсга олинди
Берлиндан Москвага учиб келган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний Шереметево аэропортида паспорт текширувидан ўтгач ҳибсга олинди. Навалнийинг ҳибсга олиниши “Ив Роше” жиноят иши бўйича Жазоларни ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) ходимлари томонидан ўтказилган. Сиёсатчи судгача ҳибсга олинган. 
Бундан аввалроқ мухолифатчи “Победа” авиакомпаниясининг самолёти билан Москвага учиб келган. Режага кўра, самолёт Внуково аэропортига қўниши керак бўлган, бироқ у Шереметевога жўнатилган.
Навалнийнинг ушланиши вақтида унга бунинг сабаби маълум қилинмаган. Мухолифатчининг рафиқасига ва адвокатига у билан бирга боришга рухсат берилмаган. 
Кейинроқ ФСИН матбуот хизматида Навалнийнинг ушланишига изоҳ берилиб, у синов муддатини кўплаб марта бузгани учун 2020 йил 29 декабрдан бери қидирувда бўлгани таъкидлаб ўтилган. Навалнийга нисбатан кейинги эҳтиёт чорасини суд белгилайди.  
Навалний 2020 йил 20 августда Томскдан Москвага парвоз вақтида ўзини бетоб ҳис қилган. Шундан кейин самолёт Омскда фавқулодда қўнишни амалга ошириб, Навалний маҳаллий шифохонага етказилган. Шифокорлар унга қондаги шакарнинг кескин ўзгаришига олиб келган моддалар алмашинуви бузилиши ташхисини қўйишган. Кейинроқ Навалний даволаниш учун Германияга жўнатилган. Германияда мухолифатчи “Новичок” заҳарли моддалари гуруҳига кирувчи субстанция билан заҳарлангани маълум қилинган. 
Навалний Германияда даволанишдан ўтгач 23 сентябрда шифохонадан чиқарилган ва ҳозиргача у ерда қолган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий