Трампнинг ҳокимиятдаги сўнгги кунлари: иккинчи импичмент эҳтимоли ва ядро тугмаси

Трампнинг ҳокимиятдаги сўнгги кунлари: иккинчи импичмент эҳтимоли ва ядро тугмаси

Капитолий Дональд Трамп тарафдорлари томонидан қамал қилинганидан кейин Вашингтондаги ашаддий тарафдорлари ҳам президентдан юз ўгира бошлашди. Сенатдаги республикачилар ортиқ уни ҳимоя қилишмаяпти, Трамп тайинлаган амалдорлар эса бирин-кетин истеъфо бермоқда.

Твиттер томонидан «кейинчалик зўравонликка даъват этишнинг юқори хавфига боғлиқлиги сабаб» бутунлай блокланган АҚШнинг 45-президенти 20 январ куни, сайланган президент Жо Байденнинг инаугурация маросими куни Оқ уйни тарк этиши керак. Аммо Конгрессдаги демократлар бу кунни кутмоқчи эмас - улар Трампни муддатидан олдин лавозимдан четлатишни, шу билан бирга кейин ҳам президентлик сайловларида қатнашишдан маҳрум қилишни исташмоқда.
Жума куни Конгресснинг қуйи палатаси спикери Нэнси Пелоси президентликдан кетаётган Дональд Трамп зудлик билан истеъфога чиқмаса, унга импичмент эълон қилиш ташаббуси билан чиқишини маълум қилди.
У президентнинг ҳаракатлари Капитолийга ҳужумни ва бунинг оқибатида беш киши, жумладан, бир полициячи ўлимини келтириб чиқарганига урғу бермоқда
Демократлар душанба куни янги импичмент лойиҳасини (президентни тезда алмаштириш кераклиги ҳақидаги айблов хулосаси) муҳокамага қўйишмоқчи. Унда битта модда бор - «исёнга даъват».
Вакиллар палатасида бўлган 160 демократ лойиҳани имзолаган. Унинг муаллифлари конгрессменлар- Род-Айленд штати вакили Дэвид Сисилини, калифорниялик Тед Лью ва мэрилендлик Жейми Раскин. Улар Трамп тарафдорларининг Капитолийга ҳужумидан кейиноқ лойиҳани ишлаб чиқишни бошлашган.
Сайланган президент Жо Байден импичмент ташаббуси ҳақида фикр билдирмади ва қарорни Конгресс қабул қилишини билдирди. Шу билан бирга, у Трампни президентлик лавозимига номуносиб деб ҳисоблашини қўшимча қилган.
Оқ уйдагилар бу ташаббусни «сиёсий мотивларга эга» деб баҳолашган ва бу Америка жамияти бўлинишини янада кучайтиришидан ташвиш билдиришган.
Юқори лавозимли республикачилар биринчи импичмент давридагидан фарқли ўлароқ, эндиликда президент тарафида туришмаяпти. Шу билан бирга, унга қарши боришга ҳам тайёр эмаслар -  бу Трампга содиқ бўлган миллионлаб сайловчиларга қарши бориш бўлиб қолади.
Трамп учун хавф янада реаллашди, чунки у кейинги сайловларда Конгрессда Байденнинг ғалабаси тасдиқланишига тўсқинлик қилмаган барча республикачилар ўрнига бошқа муқобил номзодларни илгари суришни ваъда қилди.
Импичмент жараёни
Агар импичмент жараёни бошланса - бу Дональд Трамп учун иккинчиси бўлади - бунақа ҳолат АҚШ учун тарихий прецедентдир. 2019 йил декабрида Вакиллар палатаси ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва Конгресс фаолиятига тўсқинлик қилиш бўйича айбловларга асосланган импичментни  маъқуллаганди. Аммо 2020 йил февралидаги эшитувларда Сенат уни икки модда бўйича ҳам оқлаганди.
Импичментга учраган президент лавозимидан кетиши учун сенаторларнинг учдан икки қисми овоз бериши керак бўлади. Бу жуда катта рақам ва АҚШ тарихида бундай натижага эришилмаган. Ҳозирда Сенатдаги 100 овоздан 48таси демократларда бўлади (агар импичмент учун овоз берилса), тез орада яна икки мандатни демократлар банд қилади.
Бу шуни англатадики, импичмент орқали кўзланган мақсадга эришиш учун уни камида 17 нафар республикачи сенатор ҳам қўллаши талаб этилади, бу эса эҳтимолдан йироқ - ҳозирда республикачи сенаторларнинг қанчаси президентдан бутунлай алоқани узишга тайёрлиги аниқ эмас. Катта эҳтимол билан, ушбу жараён Трампни Капитолийга ҳужуми учун жавобгарликка тортишга қаратилган рамзий ишора бўлиб қолади.
20 январга қадар Сенатдаги республикачилар етакчиси бўлиб қоладиган Митч Макконнелл (вице-президент Камала Ҳарриснинг инаугурациясидан кейин палаталар устидан назорат тўлиғича демократларга ўтади) партиядошларига йўллаган хабарномасида импичмент бўйича муҳокама жараёни қачон бошланиши мумкинлигини қайд этган. Унга кўра, Сенат материалларни кўришни бошлаши мумкин бўлган энг эрта сана - 19 январ, Трампнинг президентлик муддати тугашидан бир кун олдин бўлади. Тингловлар бошланганида эса у Оқ уйни аллақачон тарк этган бўлади. Сенатни 19 январдан олдин йиғиш учун эса барча 100 сенаторнинг розилиги талаб этилади.
Лекин президент Сенат томонидан қораланиши учун етарли овоз тўпланмаса ҳам, импичментдан кейин палата унга янги муддат учун сайловда қатнашишни тақиқлаши мумкин, америкалик қонуншуносларнинг фикрича, бунинг учун шунчаки кўпчиликнинг овози етарли бўлади.
Импичмент моддасида нималар дейилган
BBC’нинг Америкадаги ҳамкори CBC импичмент ҳақидаги резолюция лойиҳаси билан танишишга муваффақ бўлган. Унда битта модда бор - «АҚШ ҳукуматига қарши исён қўзғаш».
«Дональд Жон Трамп ўта оғир жиноят содир этди, у онгли равишда одамларни АҚШ ҳукуматига қарши исёнга чорлади», дейилади резолюция лойиҳасида. Муаллифлар президентни тўғридан тўғри Капитолийда ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилишига олиб келган баёнотлар қилишда айблашган.
Чоршанба куни ўз тарафдорлари қаршисидаги митинг вақтида Трамп яна бир бор ноябрдаги президентлик сайловлари ҳалол ўтганига шубҳаларини билдирган ва асоссиз равишда ғалабани ундан ўғирлашгани ҳақида гапирганди.
Шундан сўнг Трамп тарафдорларини «курашишга» чорлаганди. Демократлар ва ҳатто кўплаб республикачилар ҳам унинг бу сўзлари оломонни Капитолийга бостириб киришга ундаган деб ҳисоблашади.
Истеъфо ва шубҳалар
Трамп тарафдорларининг Капитолийни қамал қилиши муҳокамалар тўлқинини келтириб чиқарди, шу жумладан, Конгрессдаги президентга содиқ бўлган республикачилар, унинг маъмуриятида бўлган собиқ вазирлар ва америкалик юқори мартабали дипломатлар президентнинг хатти-ҳаракатларини қоралашди.
Конгресснинг ҳар икки палатаси вакиллари ўша кунги йиғилишда президентнинг ҳаракатларига эътирозларини билдиришди - демократлар эса уни ваколатларидан маҳрум этиш зарурати ҳақида гапира бошлашди. Улар Трамп жуда хавфли экани ва кейинги кунларда у давлат бошқарувида нима қилишини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигидан огоҳлантиришди. Агар Трамп лавозимдан четлатилса, кейинги сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.
Президентни исталган вақтда вице-президент ва вазирлар нафақага юборишлари мумкин - бунинг учун АҚШ Конституциясига киритилган 25-тузатиш бўйича овоз бериш жараёнида кўпчиликнинг овози етарли бўлади. Вакиллар палатаси Нэнси Пелоси ва Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер аллақачон вице-президент Майк Пенсдан шундай қадам ташлашни сўрашган.
CNN хабарига кўра, у Трампни четлатиш учун 25-тузатишни қўллаш эҳтимолини истисно этмаяпти. Манба маълумотига кўра, Пенс агар «Трампнинг ҳаракатларини олдиндан баҳолаш янада қийинлашса», 25-тузатишни қўллаш тўғри йўл бўлади, деб ҳисоблайди, бу ҳолда қолган бир ҳафтадан ошиқ вақт давомида Пенснинг ўзи вақтинча президент вазифасини бажаради.
Трамп томонидан тайинланган бошқа амалдорлар рамзий маънода норозилик билдиришмоқда - сўнгги кунларда президент маъмуриятида бир қанча юқори лавозимли шахслар истеъфога чиқишди. Хусусан, таълим ва транспорт вазири, Оқ уй матбуот котиби ўринбосари, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари, Шимолий Ирландиядаги махсус элчи ва бошқалар лавозимларини тарк этишган.
Агар Трампнинг ҳукумати томонидан қўллов бўлмаса, демократларда фақат импичмент варианти қолади. Жума куни спикер Пелоси конгрессменларга хат йўллади, унда Трампнинг ҳаракатлари хавфли ва тинчликка рахна солувчи ҳаракатлар сифатида баҳоланиб, унинг истеъфоси талаб қилинган.
Шунингдек, Пелоси парламентга йўллаган мактубида ёзишича, АҚШ Қуролли кучлари бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Марк Милли билан амалдаги «ўзгарувчан» президент Дональд Трамп ҳокимиятдаги сўнгги кунларида ҳарбий ҳаракатларни бошлаши ёки «ядровий зарба ҳақида буйруқ бериши» ҳолатида қандай ҳаракатланиш масаласини муҳокама қилган. Генерал қандай жавоб қайтаргани ҳозирча маълум эмас.
Агар 2019 йилги биринчи импичмент вақтида республикачилар жараённи «ялмоғиз ови» деб атаб, уни кескин қоралашган бўлишса, ҳозирда уларнинг кўпчилиги жим - Трампнинг ёнини олиб чиқадиганлар эса жуда кам топилади.
Аммо консерватив партия президентга қарши очиқ баёнотлар беришга ҳам шошилмаяпти - бунинг ўрнига улар сайланган президент Жо Байденни муросага келтирувчи ролини бажаришга чақириб, янги маъмурият билан ишлашга тайёрликлари ҳақида сигнал беришмоқда.
«Агар спикер Пелоси Трамп президентлигининг сўнгги кунларида импичментни талаб қилиб туриб олса, бу фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин. Умид қиламанки, сайланган президент Байден бундай зарар эҳтимолини тўғри англайди», деган Жанубий Каролинадан бўлган республикачи сенатор Линдси Грэм.
Қуйи палатадаги республикачилар етакчиси Кевин Маккарти ҳам худди шу каби фикр билдирган.
«Қолган кунларда президент импичменти мамлакатимиз янада кўпроқ бўлинишига олиб келади. Бугун мен сайланган президентга мурожаат қилдим ҳамда Америка қаршисида чиққан чақириқларга жавоб қайтариш, билан ҳароратни тушириш ва мамлакатни бирлаштириш масаласини муҳокама қилишни режалаштирдим, - дея ёзган Маккарти твиттерида.
Трамп эса сайлов натижалари бўйича баҳслашиш борасида ўзи билан охиригача бормаган партиядошларига муаммолар туғдиришга ваъда қилди. У шу вақтгача ўзини ғолиб деб ҳисоблайди ва оммавий сохталаштиришлар қурбони бўлганини таъкидлайди, лекин унинг юристлари бирорта судда буни исботлай олишмади, бир неча штатларда эса овозлар қайта ҳисоблаб чиқилди ва жиддий қоидабузарликлар қайд этилмади.
Трампнинг сўзларига мамлакат бўйлаб миллионлаб сайловчилар ишонишади, буни кўп минглик митинглар ва чоршанба куни Вашингтонда Капитолийга уюштирилган қамал ҳам исботлайди.
Трампнинг четлатилиши учун овоз берадиган исталган республикачи конгрессмен ўз электоратини йўқотади. Яъни президентни ваколатларидан маҳрум этиш учун овоз бериш - сенатор қайта сайланмаслигига олиб келиши мумкин.
Трампни қўлламаган республикачи сенаторни нима кутишига мисол сифатида Вашингтон аэропортидаги ҳодисани мисол қилиш мумкин, сенатор Грэм президентнинг кўп сонли тарафдорлари томонидан қарши олинди, уни полициячилар қўриқлашига тўғри келди.
«Сотқин! Сен сотқинсан!» - дея бақиришди Грэмни ўраб олган одамлар, ҳолбуки у сўнгги йилларда кўплаб масалаларда Трампни ҳимоя қилиб келганди.
«Ҳамма жойда шундай бўлади, сен қаёққа борма, таъқибда бўласан, охирги кунинггача», дея таҳдид қилишган одамлар сенаторга.

Комментарии (0)

Оставить комментарий