Трамп сайловлар натижаларининг қайта кўриб чиқилишига эриша олмаганини тан олди

Трамп сайловлар натижаларининг қайта кўриб чиқилишига эриша олмаганини тан олди
АҚШ президенти Доналд Трамп унинг штаби президент сайловлари натижалари бўйича даъволашиш учун барча ҳуқуқий имкониятлардан фойдалангани, бироқ энди муроса қилиш вақти келганини айтди. У эндиликда ҳокимиятнинг сайланган президент Жо Байденга равон ўтишини таъминлашга ўз эътиборини қаратишга ваъда берган.
“Биз жадал сайловлардан ўтдик ва ҳиссиётлар жуда юқори бўлди. Бироқ энди ҳовурдан тушиб, тинчликни тиклаш лозим”, деб айтган Трамп твиттерда узатилган чиқишида.
У ўз штабининг “Америка демократиясини ҳимоялаш”га барча уринишларига қарамай, конгресс сайловлар натижаларини тасдиқлагани ва 20 январда ҳокимиятга янги маъмурият келишини таъкидлаб ўтган. 
“Эндиликда эътиборимни ҳокимиятнинг равон, тартибли ўтишини таъминлашга қаратаман”, деб қўшимча қилган АҚШ президенти.  
У ўз тарафдорларига уларнинг “ғаройиб саёҳатлари энди бошланаётганига” ваъда берган ва уларни “ажойиб” деб атаган. 
“Мен шуни билишингизни истардим, бизнинг ғаройиб саёҳат энди бошланмоқда. Раҳмат. Сизни ва Американи Тангри паноҳида асрасин”, деб айтган Трамп.
Шу билан бирга, Трамп 6 январда сайловлар натижаларининг тасдиқланиши вақтида Капитолийда юз берган тартибсизликларни қоралаган ва айбдорлар жазоланишига ваъда берган.
“Мен барча амеерикаликлар каби зўравонлик, қонунсизлик ва уюштирилган расвогарчиликдан аччиқдаман”, деб қўшимча қилган Оқ уй раҳбари.
6 январда Трамп тарафдорлари конгресснинг Вашингтондаги биносига бостириб киришган ва тартибсизликлар уюштиришган. Ўша вақтда Капитолийда сайловлар натижаларини тасдиқлаш бўйича йиғилиш ўтаётган бўлган. Шундан кейин йиғилиш тўхтатилиб, конгрессменларнинг бир қисми бинодан эвакуация қилинган. Тартиб ўрнатилгач, конгресс Жо Байденнинг ғалабасини тасдиқлаган. Унинг инаугурацияси 20 январга ўтказилиши белгиланган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий