Садир Жапаров ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш иши бўйича оқланди

Садир Жапаров ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш иши бўйича оқланди
Қирғизистон олий суди президент вазифасини бажараётган бош вазир Садир Жапаровга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини қайта кўриб чиқиб, Жапаровни оқлади.
Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, 2012 йилда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш иши бўйича судланган Жапаров жиноят таркиби бўлмагани сабабли оқланган.
Суд, шунингдек, ушбу иш бўйича депутат Талант Мамитовни ва Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни ҳам оқлаган.
“Олий суднинг 2013 йил 6 августдаги қарори бекор қилинди. Суд ҳайъати Бишкек шаҳар судининг 2013 йил 17 июндаги оқлов ҳукмини кучда қолдирди”, деб таъкидлаб ўтилган судда.
Садир Жапаров 2012 йилда “Ата-Журт” партиясининг парламентдаги фракцияси етакчиси бўлган вақтда парламентнинг ўшандаги вице-спикери Талант Мамитов ва депутат Қамчибек Ташиев билан бирга мухолифат намойиши вақтида парламент биноси панжарасини штурм қилишга уриниш учун ҳибсга олинган.
Прокуратура уларни “ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш”да айблаган ва уларга нисбатан 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлашни талаб қилган. Бироқ Бишкек шаҳар суди депутатларни тўлиқ оқлаган. Кейинроқ олий суд мухолифатчиларга 1 йилдан 1,5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган ва жазо муддати амалда ўтаб бўлингани сабабли уларни суд залидан озод этган. Суд қарори Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясига айбланувчиларни депутатлик мандатларидан маҳрум қилиш имконини берган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий