Қирғизистон дори-дармонлар нархини чеклай олмади
Қирғизистоннинг дори-дармон таъминоти департаменти дори-дармонларга чегараланган улгуржи ва чакана нархларни ўрната олмади.
Фото: Валерий Матыцин/ТАССБу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори-дармон таъминоти соҳасидаги нархларни мониторинг қилиш бўлими мудири Ойша Сулайманова гапириб берди.
«2019 йилда Қирғизистонда дори-дармонлар нархини тартибга солиш бўйича вақтинчалик қоидалар жорий қилинган эди. Улар 2020 йил январь ойидан кучга кирди.
Аммо пандемия, чегараларнинг ёпилиши, дунё валюталаридан бири курсининг барқарор эмаслиги туфайли мураккаб вазият юзага келди. Қирғизистон эса импортга боғлиқ мамлакат ҳисобланади. Бугунги кунда дори-дармонларнинг 97-98 фоизи яқин ва узоқ хориждан келтирилмоқда. Шу омиллар дори-дармонлар нархини чегаралашга монелик қилди», — деди Ойша Сулайманова.
Мудирнинг таъкидлашича, қоидаларни жорий қилишдан олдин валюталар курсидаги эҳтимолий ўзгаришлар инобатга олинмаган. Шу туфайли ишчи гуруҳи уларнинг янги вариантини тайёрлаган. Ҳозирги вақтда қоидалар ҳукумат билан келишиб олиш жараёнидан ўтмоқда.
«Янги қоидаларни келишиб олиш жараёни якуний босқичда турибди. Бу қарорда мажбурий тиббий суғурта дастури ва давлат кафолати дастури доирасида бериладиган дори-дармонлар рўйхатига киритилган дори воситалари нархини тартибга солиш ҳақида гап кетади. Ҳа, рўйхатда коронавирусни даволашда ишлатиладиган баъзи дори-дармонлар бор, лекин ҳаммаси эмас.
Икки ҳафта олдин биз COVID-19 касаллигини даволашда ишлатиладиган дори-дармонлар рўйхатини аниқлаб олдик, аммо бунинг дори-дармонлар нархини вақтинчалик тартибга солиниши ҳақидаги қарорга алоқаси йўқ», — деб якунлади Ойша Сулайманова.
Комментарии (0)