Москвадаги меҳнат мигрантлари учун коронавирусга бепул тест топшириш имконияти яратилди

Москвадаги меҳнат мигрантлари учун коронавирусга бепул тест топшириш имконияти яратилди

Москва шаҳри ва вилоятида меҳнат муҳожирларини тиббий қўллаб-қувватлаш дастури ишга туширилди. У Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва Халқаро Шодиев фонди ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.



Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ваколатхонаси Халқаро Шодиев фонди билан биргаликда меҳнат муҳожирларига тиббий ёрдам кўрсатиш дастурини ишга туширди. Ушбу дастур доирасида COVID-19 касаллиги билан алоқада бўлган ёки бирга яшаб келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари, шунингдек ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бўлганлар коронавирусга қарши антитаначалар мавжудлигини бепул текшириш имкониятига эга бўладилар.
Текшириш натижасида инфекция аниқланмаган ёки коронавирусга қарши антитаначаси бўлган муҳожирларга иш жойига қайтиш учун расмий тиббий маълумотнома берилади. Москва шаҳри ва Москва вилоятида истиқомат қилувчи меҳнат муҳожирлари айни дастур хизматидан фойдаланишлари мумкин. 

Шу билан бирга, таъкидланишича, салбий натижага эга бўлган, аммо ўткир респиратор вирусли инфекция аломатлари бўлган муҳожирлар тиббий ёрдам ва дори-дармонлардан фойдалана олади.
Синов натижасида коронавирус инфекцияси аниқланган муҳожирлар Россия Федерациясининг санитария-эпидемиология қоидаларига мувофиқ, давлат тиббий муассасаларида карантинга олинади ҳамда керакли муолажалардан ўтади. Беморларнинг ҳолати даволаниш давомида кузатиб турилади. Шунингдек, уларга ҳуқуқий ёрдам ҳам кўрсатилади.

Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Халқаро Шодиев фонди тиббий хизматларни тақдим этиш ва синов тўпламлари ҳамда дори-дармонларни сотиб олиш учун маблағ ажратади. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси эса, меҳнат муҳожирлари рўйхатларини тузиб, тиббиёт муассасаларига тақдим этади. Дастур доирасида тиббий гуруҳлар Ваколатхона томонидан тасдиқланган муассасаларга, масалан, камида 15-20 муҳожир истиқомат қиладиган ётоқхоналарга бориб, текширувлар ўтказади.

Ваколатхона раҳбари Саиднўъмон Мансуров таъкидлаганидек: “Устувор вазифалардан бири, даволанишга муҳтож бўлган муҳожирларга ёрдам беришдир. Лойиҳа ватандошлар ва улар билан алоқада бўлган одамлар орасида инфекция, шунингдек, оғир касалликлар ва ўлимнинг олдини олишга мўлжалланган. Синов натижалари тўғрисидаги сертификатга эга бўлиш, имкон қадар тезроқ ўз ишини тикламоқчи бўлганларга катта ёрдам беради”.
Тест топшириш учун аризалар ваколатхона томонидан +7 925 957 56 46 телефон рақами орқали қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро Шодиев фонди (ICF) Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус тарқалишига қарши курашига қўшилиб, сўнгги тўрт ой мобайнида бир неча босқичдан иборат кенг қамровли хайрия дастурини амалга ошириб келмоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий