Бишкек ва Душанбе чегарадаги баҳсли ҳудуддан ҳарбий бўлинмаларни олиб ташлашга қарор қилди

Бишкек ва Душанбе чегарадаги баҳсли ҳудуддан ҳарбий бўлинмаларни олиб ташлашга қарор қилди
Қирғизистон ва Тожикистон икки давлат чегарачилари ўртасида қуролли низо содир бўлган чегара участкасидан ҳарбий бўлинмаларни олиб кетишга келишиб олди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб ТАСС хабар берди.
"Икки республика бош вазирлари ўринбосарлари даражасида ўтказилган музокаралар натижасида ҳарбий бўлинмаларни ортга олишга қарор қилинди", - деб маълум қилди агентлик суҳбатдоши.
Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров туманидаги Баҳор қишлоғидаги отишмани Қирғизистон бошлаган ва воқеа жойига 250-300 ҳарбийни жалб қилган.
Душанбе отишма тожик қишлоғининг қуролланмаган аҳолисига қарши олиб борилганини таъкидлаб, қўшни двлатни иғвогарликда айблаган. 
Маълум қилинишича, можаро вақтида Қирғизистон томонидан бир чегарачи, Тожикистон томонидан 3 чегарачи ҳалок бўлган, ҳар икки томондан бир неча киши яраланган.
Қирғизистон чегара хизматининг таъкидлашича, Тожикистон биринчи бўлиб қурол қўллаган ва Қирғизистондаги иккита чегара пости – “Маскат” ва “Сай” постларини ўққа тутган. 
Маълумотларга кўра, ҳодисага Тожикистон фуқаролари давлат чегарасининг белгиланмаган участкасида қурилиш ишларини бошлашлари сабаб бўлган. Бунга жавобан Қирғизистон фуқароси худди ўша жойда уйи атрофига девор уришни бошлаган.

Энг сўнгги хабарлардан биринчи бўлиб хабардор бўлинг. Kun.uz'ни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг

Комментарии (0)

Оставить комментарий