Россиядаги автоҳалокатда 6 тожикистонлик ҳалок бўлди

Россиядаги автоҳалокатда 6 тожикистонлик ҳалок бўлди
Россиянинг Рязан области Сасов туманида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Тожикистоннинг 6 фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда област ички ишлар бошқармаси вакили Александр Поташов маълум қилди. 
ЙТҲ М-5 “Урал” трассасининг 404-километрида соат 5:20да содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, тожикистонликлар кетаётган Mercedes-Benz Vitо микроавтобуси қарама-қарши йўналишга чиқиб, Toyota Land Cruiser автомобили билан тўқнашиб кетган.
Полиция маълумотларига кўра, микроавтобус Тожикистонга йўналаётган бўлган, унда кетаётган 12 йўловчининг барчаси Тожикистон фуқаролари бўлган. Ҳалок бўлганлар 1974, 1977, 1983, 1989 ва 2005 йилларда туғилган фуқаролар бўлган. Қолган 6 киши жароҳат олган.
ЙТҲ оқибатларини бартараф этиш учун учта ўт ўчириш машинаси, фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор гуруҳи юборилган.
Ҳозирда ҳалок бўлганларнинг шахси аниқлаштирилмоқда. Воқеа жойига Тожикистон меҳнат вазирлиги ходимлари йўл олишган.
Марказий осиёликлар Россиядаги йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларига айланиб туришади. Тожикистон фуқаролари билан Россияда юз берган охирги жиддий автоҳалокатлардан бири июнь бошида Самара областида содир бўлганди. Ўша ЙТҲда 3 тожикистонлик ҳаётдан кўз юмган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий