Чехия сенати мамлакат президентини ватанга хиёнатда айблаш имкониятини кўриб чиқади
Сенатдагиларнинг таъкидлашича, давлат раҳбари Врбетицедаги иш бўйича эълон қилиш мумкин бўлмаган маълумотларни фош қилган.
Чехия парламенти сенати (юқори палата) Врбетицедаги ҳодиса бўйича халққа мурожаати юзасидан мамлакат президенти Милош Земанни ватанга хиёнат қилишда айблаш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда юқори палата спикери Милош Вистрчил маълум қилди.Сенатдагиларнинг таъкидлашича, давлат раҳбари ушбу иш бўйича эълон қилиш мумкин бўлмаган маълумотларни фош қилган.
«Биз президент ватанга хиёнат қилишда гумонланиши муносабати билан конституцион шикоят бериш имконияти билан шуғулланамиз. Ҳозир керакли маълумотларни тўплаш ва мавжуд вазият бўйича конституцион ҳуқуқ экспертлари фикрини ўрганиш лозим», – деди Вистрчил.
Аввалроқ Земан мамлакатнинг контрразведка хизмати тақдим қилган ҳисоботда портлашларга россиялик агентларнинг алоқадорлигини исботловчи маълумотлар йўқлигини маълум қилганди.
Чехиядаги қатор сиёсатчилар Земаннинг бу баёнотидан норозилик билдиришди.
17 апрелда Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицедаги ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилди. Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.
Врбетицедаги портлашлар 2014 йил 16 октябрда ва 3 декабрда юз берган. Портлашлар оқибатида 2та омбор йўқ бўлган, 2 киши ҳалок бўлган.
Бир ярим ойдан кейин биринчи омбордан бир километр узоқликда жойлашган бошқа омборда кучли портлаш содир бўлган. Бу ерда 100 тоннага яқин ўқ-дори сақланган.
Комментарии (0)