Ҳаага суди Мьянма ҳукуматига роҳингяларни геноциддан ҳимоя қилиш мажбуриятини юклади

Ҳаага суди Мьянма ҳукуматига роҳингяларни геноциддан ҳимоя қилиш мажбуриятини юклади

БМТ халқаро суди роҳингяларнинг геноциддан ҳимояланиш ҳуқуқини эътироф этди. Мьянма ҳукумати зиммасига бу халқни ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланди. Шу тариқа, Халқаро жиноят ишлари бўйича трибунал Мьянма раҳбари, Тинчлик учун Нобель мукофоти соҳиби Аун Сан Сун Чжининг далилларини рад этган.



Эндиликда тўрт ойдан кейин Мьянма ҳукумати кўрилган чоралар бўйича БМТга ҳисобот бериши керак бўлади, кейин эса суд бу масалада якуний ҳукмни чиқаргунига қадар ҳар 6 ойда ҳисобот бериб борилади.
Бугунги қарорни 17 нафар ҳакамнинг барчаси якдиллик билан қўллаб-қувватлашди. Бу қарор юридик кучга эга ва бу қарор юзасидан апелляция бериб бўлмайди. Шу билан бирга, судда унинг ижросини таъминлаш механизмлари мавжуд эмас.
Суд раиси Абдулқавий Юсуф ҳукмни эълон қилаётганида суд 2017 йилда Мьянма ҳарбийлари халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда роҳингяларга нисбатан куч ишлатгани ҳақидаги маълумотлар инобатга олинганини маълум қилди. Шунингдек, суд ҳукумат ҳарбийлари маҳаллий аҳоли вакиллари роҳингяларнинг қишлоқларига уюштирган босқинларга бефарқлик билан қарагани ва кейин ўзлари бу ҳудудларда тозалаш ишлари ўтказгани тўғрисидаги далилларни келтирган.

Гамбия томонидан берилган даъвода 2016 йилнинг октябридан 2017 йилнинг декабрига қадар бўлган муддатда Ракхайн штатида мьянмалик ҳарбийлар томонидан олиб борилган этник тозалашлар ҳақида гап кетади (Гамбия Геноцид жиноятининг олдини олиш ва бундай жиноят учун жазо тўғрисидаги Конвенция аъзоси сифатида 2019 йилнинг ноябрида Мьянма ҳукуматини геноцидда айблаб БМТ халқаро судига берганди). 
Бу қарор суд Ракхайндаги воқеаларни геноцид деб тан олганини англатмайди. Лекин қарор Геноцид жиноятининг олдини олиш ва бундай жиноят учун жазо тўғрисидаги Конвенциянинг иккинчи моддаси (этник гуруҳларга зарар етказиш, бундай гуруҳлар ҳаётини қасддан ёмонлаштириш ва туғилиш пасайтирилишига қаратилган ҳаракатлар) бўйича қабул қилинган.
Бундан ташқари, ҳакам роҳингя халқининг фарзандларини кўчириш бўйича ҳарбий чоралар ҳақида эслаб ўтган. Гувоҳлар ОАВга ҳарбийлар роҳингяларнинг қишлоқларига ўт қўйишгани ҳақида сўзлаб беришган.
Мьянма ташқи ишлар вазири ва амалда мамлакат раҳбари бўлган Аун Сан Су Чжи судни Гамбия ташқи ишлар вазири Абубакар Тамбаду ташаббуси билан киритилган ушбу даъвони (Африка ғарбидаги бу кичик мусулмон давлатни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 57 давлати қўллаб-қувватлаганди) кўриб чиқмасликка кўндирмоқчи бўлганди. 

Мьянма ҳукумати геноцид ҳақидаги айбловларни рад этди. Ўтган ҳафтада Аун Сан Сун Чжи судда ҳимоя нутқи қилди ва ҳарбийлар қуролли экстремистларга қарши амалиёт ўтказганини маълум қилди.
Уч кун муқаддам мамлакат ҳукумати тақдим этган ҳисоботда текширув якунлари ҳарбийларнинг ҳаракатида геноцид аломатлари йўқлигини кўрсатгани айтилган.
Баҳс нима туфайли?
Роҳингялар - асосан буддизм дини вакиллари истиқомат қиладиган Мьянмадаги мусулмон диний озчилик бўлиб, улар бир неча юз йилдан буён мамлакат жануби-ғарбидаги Ракхайн штатида яшаб келишади.
Ҳукумат маълумотига кўра, 2016 йилнинг октябридан 2017 йилнинг декабрига қадар Мьянма армияси Ракхайн штатида бенгал жангарилари ва «Роҳингяларни қутқариш бўйича Аракан армияси» айирмачиларига қарши амалиёт ўтказган.
Кўплаб гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳарбийлар ўта шафқатсизлик билан ҳаракат қилишган. Роҳингялар ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишган ва қўшни Бангладеш республикаси ҳудудига бориб ўрнашишган.
БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотига кўра, 2017 йилнинг августидан декабригача Бангладешга 742 минг киши келиб жойлашган. Айрим манбалар кичикроқ рақамларни келтиради - умуман камида 700 минг қочқин қўшни давлатга ўтган. Улар оммавий қотилликлар, зўравонликлар ва ҳарбийларнинг этник гуруҳларга шафқатсизликлари ҳақида ҳикоя қилиб беришган.
Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари, ислом давлатлар ва бошқалар роҳингяларни қўллаб-қувватлаб чиқишди. 2017 йилнинг 4 сентябрида Чеченистоннинг Грозний шаҳрида Мьянма мусулмонларини қўллаб-қувватлаб кўп минг кишилик намойиш ўтказилди.


Комментарии (0)

Оставить комментарий