Атамбоев: «Қўрқув ва хиёнат, разолат ва ёлғонга асосланган ҳокимият ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди»

Атамбоев: «Қўрқув ва хиёнат, разолат ва ёлғонга асосланган ҳокимият ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди»
Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев мамлакатдаги вазият ва Қўй-Тош қишлоғида 7-8 август кунлари содир бўлган воқеалар ҳақида очиқ мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда Knews ёзмоқда.
«Азиз ватандошлар! 2019 йил 7 август куни уйимга МХДҚ махсус кучларининг ноқонуний қуролли ҳужуми ва Қирғизистон собиқ президенти билан анъанавий учрашувга йиғилган тинч аҳолининг ўққа тутилганига уч ой бўлди.
Ғазабланган маҳаллий аҳоли ва отишма ҳақида ОАВдан хабар топган бошқа фуқаролар МХДҚ ҳамда ИИВнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли менинг уйим ва унга яқин атрофда тўпланди. Одамларнинг ғазабига қарамай, хавфсизлик кучлари ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттирди ва натижада тўқнашувлар юз берди. Кўплаб одамлар жароҳат олди, бир киши ҳалок бўлди», - дейди Атамбоев.
Унинг билдиришича, ҳокимиятнинг бундай ҳаракатлари мамлакат манфаатларига зид келади. Бу шахсан президент Сооронбай Жээнбековнинг ташаббуси экани ҳамда фақат битта мақсадни кўзлаши айтилади - собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг обрўсини тўкиш, уни руҳан йўқ қилиш.
«Мен президент сифатида ҳалол ишладим ва сизнинг ёрдамингиз билан биз Қирғизистонни ривожлантириш, миллий руҳни кўтариш учун кўп ишларни амалга оширдик. Хатоларим бор эди, мен буни очиқчасига тан олдим ва Қирғизистон халқидан узр сўрадим. Баъзи дўстларим ва ёрдамчиларимга жуда ишонгандим, хавфсизлик кучларига қаттиқ таяниб юбордим. Аммо мен Қирғизистон халқи манфаати, мамлакат номи ва халқи учун виждонан ишладим.
Бугунги ҳукумат сиёсатчиларни қўрқитди ва фуқароларга объектив ҳамда холис маълумот олиш имконини ёпиб қўйди. Бундай вазиятда кўпчилик, А. Солженициннинг сўзлари билан айтганда, «ёлғонни мавжудлик шакли каби» ва «сотқинликни мавжудлик шакли сифатида» танладилар.  
Бироқ, фақат қўрқув ва хиёнат, разолат ва ёлғонга асосланган ҳокимият ҳеч қачон мустаҳкам бўлмайди. Вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйишига ишонаман. Эркинликни севувчи Қирғизистон халқи мағрурлик ва инжиқлик қаерда-ю, принциплар қаерда эканини ўзи аниқлаб олади. Ким порахўр амалдорлар ва оилавий кланларнинг манфаатларини кўзлаб ишлагани, кимлар эса Қирғизистон Республикасининг миллий манфаатларини ўйлагани ҳали ошкор бўлади. Ким ҳақиқатан ҳам халқ бирлигини мустаҳкамлаш учун ишлагани, кимлар эса фақат қуруқ сўз билан чеклангани фош бўлади. Вақт ҳамма нарсани ўз ўрнига қўйиб қўяди!» - деб ёзади Атамбоев.

Комментарии (0)

Оставить комментарий