Кобулда Тожикистон ва Афғонистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 14-16 феврал кунлари Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат комитети раиси Саймумин Ятимов «Терроризмга қарши курашиш ва террорчилик таҳдидларининг олдини олиш учун минтақавий хавфсизликни кенгайтириш» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун Афғонистон Ислом Республикасининг Кобул шаҳрига иш сафари билан ташриф буюрди, дея хабар беради «Ховар» ТМАА.
Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат комитети раиси С. Ятимов сафар доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, Милли келишув олий кенгаши раиси Абдуллоҳ Абдуллоҳ, Президентнинг биринчи ўринбосари Амрулло Солеҳ, ушбу мамлакат парламенти раиси Мир Раҳмон Раҳмоний, Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Ҳамидуллоҳ Муҳиб, Миллий хавфсизлик умумий бошқармаси бошлиғи Аҳмад Зиё Сирож, Ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар ва Афғонистоннинг бошқа юқори органлари раҳбарлари-ю вакиллари билан алоҳида мулоқотлар ўтказди.
Музокаралар чоғида икки дўст мамлакат ва минтақа хавфсизлиги ҳолати, давлат чегараларини ишончли ҳимоя қилиш, терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар контрабандасига қарши курашиш йўналишларида томонлар учун манфаатли хамкорликлар муҳокама қилиниб, мазкур мавзулар юзасидан фикр алмашилди.
Тожикистон Афғонистонда тинчлигу хавфсизлик таъминланишининг тарафдори бўлиб, унинг икки мамлакат ва минтақа учун муҳимлигини доим таъкидлаб келиши қайд этилди. Қарама-қарши томонлар ўртасидаги музокараларнинг якунланиши, Афғонистондаги урушнинг тугатилиши ва халқаро террорчи гуруҳлардан фойдаланган ҳолда, манфаатли доираларнинг мақсадли ва номақбул фаолиятининг олдини олиш хавфсизлик таъминланишининг муҳим омиллари саналади.
Томонлар муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўзаро мавқелари тўлиқ мос келишини қайд этиб, икки дўст, биродар, тили ва маданияти муштарак мамлакатлар сиёсий, иқтисодий, маданий ва хусусан, хавфсизлик соҳаларидаги интеграция ва самарали муносабатларни янада мустаҳкамлаб, шу орқали минтақада тинчлигу барқарорлик ва осойишталикни таъминлашга кўмаклашиши таъкидланди.
Шунингдек, С.Ятимов конференцияда маъруза қилиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишининг долзарб масалалари, халқаро террорчи ташкилотларнинг кенг кўламли фаолияти, уларнинг минтақа мамлакатларига таҳдиди, жафокаш қўшни мамлакат ва чегарадаги вазиятни соғломлаштириш омилларини қайд этиб ўтди.
Тожикистон делегациясининг Афғонистонга ташрифи ўзаро тушуниш муҳитида ўтди ва сафар самарали якунланди.
Комментарии (0)