Украина Путиннинг урушни тугатиш шартларини рад этди

Украина Путиннинг урушни тугатиш шартларини рад этди
Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини бошлаш шартларини «ишониб бўлмайдиган ултиматум» деб атади. Бу ҳақда у 14 июн, жума куни Италиянинг Sky TG24 телеканалига G7 саммити чоғида маълум қилди.


«Бу ултиматум хабарлари аввалгиларидан фарқ қилмайди», деди Зеленский. Унинг фикрича, РФ «тўхтамайди». «Биз бу таклифларга ишонмаслигимиз керак», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters.

Киев Россиянинг Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича шартларида тинчлик таклифини кўрмаяпти, деди Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк. «Россиядан ҳеч қандай янги „тинчлик таклифлари“ йўқ, фақат стандарт тўплам айтилди, унинг мазмуни жуда ўзига хос, халқаро ҳуқуқ учун ўта ҳақоратли. Россиянинг амалдаги раҳбарияти воқеликларни адекват баҳолаши керак», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, таклифларда «янгилик ёки урушни тугатиш истаги» йўқ.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Литвиненко Financial Times газетасига берган интервюсида РФ шартлари Киев учун номақбул эканлигини ва Россия ўз баёнотлари билан музокаралар олиб боришни истамаслигини кўрсатганини айтиб ўтди.

Аввалроқ Путин ТИВ раҳбарияти билан учрашувда Киев Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган тўртта ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб, НАТОга аъзо бўлишдан бош тортганини билдирса ва Ғарб санкцияларни бекор қилишга қарор қилса, Россия Украинада ўт очишни тўхтатишга тайёрлигини айтганди.

манба:​zamin.uz​​​

Комментарии (0)

Оставить комментарий