Байденнинг ўғли барча пунктлар бўйича айбдор деб топилди
АҚШ президенти Жо Байденнинг ўғли Ҳантер Байден ҳакамлар ҳайъати томонидан қурол-яроғ қоидабузарликлари бўйича ҳар учта пунктда ҳам айбдор деб топилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
3 июнь куни 54 ёшли Ҳантер Байден Уилмингтон судида ноқонуний қурол сақлашда учта айблов бўйича сўроқ қилинган эди.
Жо Байден ўз баёнотида суд жараёнлари ҳақида изоҳ беришни истамаслигини, лекин ўғлини яхши кўриши, ишониши ва унинг кучлилиги учун ҳурмат қилишини айтган.
Ҳантер Байденга қўйилган айбловлар
Собиқ адвокат, лоббист ва бизнесмен Ҳантер Байден 2018 йилда Соlt Cobrа.38 револверини сотиб олиш учун бланкаларни тўлдираётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапирганликда айбланган. Ўша йилнинг октябрь ойида у гиёҳванд ҳолатида 11 кун давомида қурол сақлаган. Бу ҳолатда Ҳантер Байден 25 йилгача қамоқ жазоси, шунингдек, 750 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.
«11 кун давомида ўқсиз қуролга эга бўлган Ҳантер Байден жамоат хавфсизлигига таҳдид солмаган, аммо сиёсий босимга берилиб кетган прокурор адлия тизимимизга жиддий хавф солмоқда», — дейди кичик Байденнинг адвокати.
Бу Қўшма Штатлар тарихида амалдаги президентнинг фарзандига қарши биринчи суд жараёнидир.
Ҳантер Байденга нисбатан тергов 2018 йилдан бери давом этмоқда. 2023 йилда у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ноқонуний қурол сақлаш айбини тан олишга рози бўлган. Судгача бўлган келишув унга ҳақиқий жазони енгиллаштиришга ёрдам бериши керак эди. Округ суди судьяси Мариэллен Норейка тегишли келишувни имзолашдан бош тортгани учун айблов шартномаси бузилган. Шартнома бузилганидан сўнг Ҳантер Байден айбини тан олишдан воз кечган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)