Эрон президентлигига номзодлар: кимлар фаворит?
Эрондаги Конституцияни қўриқлаш кенгаши президентлик сайловларида иштирок этадиган 6 нафар номзодни тасдиқлади. Хўш, улар кимлар, қарашлари ва сиёсий портфели қанақа? Улар орасидан асосий номзодлар қайси? «Геосиёсат"да мавзунинг муҳим нуқталари юзасидан сиёсатшунослар Гули Йўлдошева ва Камолиддин Раббимов ўз фикрларини билдирди.
— Эрон президентлигига номзодлар рўйхатдан ўтиб тасдиқланиш жараёни қандай амалга оширилади?
Гули Йўлдошева: Мавзуга киришишдан олдин, аввало, Эрондаги бугунги сиёсий, иқтисодий вазият тўғрисида гапиришимиз керак. Фикримча, ҳозир Эроннинг бирдан бир вазифаси — ўзлиги ва ўзининг ислом тизимини сақлаб қолиш. Охирги юз берган минтақавий ва давлатнинг ўзидаги воқеалардан кейин Эронга нисбатан таҳдидлар жуда кўпайган. Эрон ўзи ва диндошларини ҳимоя қилиш учун ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ"ни сақлаб турибди, ҳусийларга ҳам ёрдам беряпти деган танқидларга учраяпти. Ҳозир Ғарб билан кучли оппозицияда турибди, қандайдир янги урушга кириб кетиши мумкин. Глобал кучлар бутунлай Эрондаги сиёсий тизимни йўқ қилиб юбориши таҳдиди ҳам йўқ эмас. Шунга кўра, Эрон Россия ва Хитой томонида, ШҲТ ва БРИКСга кирди. Яъни ядро дастури масаласида Ғарб билан муаммолар ҳал бўлмаса ҳам, БРИКСга аъзо бўлиш Эрон иқтисодиёти келажагини таъминлаши мумкин, катта иқтисодий уюшма бу.
Ички вазиятга келсак, иқтисодий инқироз чўзилиб кетган, ижтимоий инқироз ҳам авж олган. Эрон 19-аср охири ва 20-аср бошидан то 20-аср охиригача инглизлар тасарруфида ривожланиб турган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ Эронда монополияга эга бўлган, Эрон шоҳи қўғирчоқдек бўлган. Бунга 1979 йилдаги Ислом инқилоби билан чек қўйилган.
Узоқ муддат Ғарб таъсирида бўлгани халқ онгида ўз изини қолдирган. Аҳоли икки қутбга бўлинган: консерваторлар ва ислоҳотчилар. Аммо консерваторлар ҳам ичдан бўлинади: қатъий, ўрта ва нейтрал консерваторлар бор. Ислоҳотчиларнинг позициялари анча пасайгани сабаб уларнинг ҳукуматга келиши қийин масала. Уларни асосан ёшлар, академик доиралар ва аёллар қўллайди. Охирги вақтларда ислоҳотчиларни қўлловчилар кўп бўлгани учун сўнгги сайловларнинг легитимлиги борасида танқидлар кўп бўлган.
Номзодларни рўйхатга олиш босқичидаёқ керакмас номзодларни ўчириб ташлашяпти. 80 та номзоддан 20 таси рўйхатга олинган, бир ҳафта давомида Конституцияни қўриқлаш корпуси томонидан уларнинг мафкураси, садоқати ва бошқа томонлари текширилиб, охирида 6 таси қолган.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)