Макрон: “Нигер хунтаси Франция элчихонасига озиқ-овқат олиб киришга рухсат бермаяпти”
Франция президенти Эммануэл Макрон Франциянинг Нигердаги элчиси дипломатик миссия биносида виртуал гаровда яшаётгани ва мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар элчихонага озиқ-овқат олиб киришга рухсат бермаётганини айтди, деб ёзмоқда BBC.
Элчи Силвен Итте ва элчихона ходимлари «бевосита гаровга олинган» ва армия рационини истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда, деди Макрон журналистларга.
26 июль куни президент Муҳаммад Базумни ҳокимиятдан ағдарган Нигер ҳарбий хунтаси Франция элчисига 48 соат ичида мамлакатни тарк этиши кераклигини айтди. Аммо Париж хунта талабларига бўйсунишдан ва янги тузумнинг қонунийлигини тан олишдан бош тортди.
Макроннинг сўзларига кўра, элчи «ташқарига чиқа олмайди, у персона нон грата деб эълон қилинга ва унга овқат берилмаяпти».
Франция президенти бир неча ҳафтадан бери Нигердаги элчини чақириб олишдан бош тортмоқда. У хунтанинг талабларини провокацион деб ҳисоблайди.
Журналистларнинг элчи ватанига эвакуация қилинадими, деган саволига Макрон президент Базум билан келишилган чоралар кўрилишини, чунки у мамлакатдаги ягона қонуний ҳокимият эгаси эканини айтди.
Нигерда ҳарбий тўнтариш
Нигерда 26 июль куни ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Президент гвардияси давлат раҳбари Муҳаммад Базумни ҳокимиятдан четлатди. Икки кундан сўнг президент гвардияси бошлиғи генерал Абдураҳмон Тчиани ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилди.
Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти — ECOWAS Нигерга ҳарбийларни киритишга тайёрлигини эълон қилди. Бунга жавобан давлат тўнтаришлари натижасида ҳокимиятга келган ҳарбийлар томонидан бошқариладиган Мали ва Буркина-Фасо «Нигер ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашув уларга қарши уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини» билдирди.
Нигер Франциянинг собиқ мустамлакаси. Ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар Франция билан тузилган барча келишувлар бекор қилинганини эълон қилди ва француз қўшинларидан чиқиб кетишни талаб қилди. Мамлакатда 1,5 мингга яқин франциялик аскар бор. Эммануэл Макрон Нигерга ECOWAS ҳарбий аралашувини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини эълон қилди.
манба:zamin.uz
Комментарии (0)