«Бир неча ой террорчидек ухладим» – Навальнийнинг қамоқхона устидан судга киритган аризаси қаноатлантирилмади

«Бир неча ой террорчидек ухладим» – Навальнийнинг қамоқхона устидан судга киритган аризаси қаноатлантирилмади

Бундан бир йил аввал россиялик мухолифатчи Алексей Навальний Россияга қайтганди. Қайтибоқ қўлга олинган сиёсатчи ўшандан буён қамоқда. Устидан бир нечта иш очилган Навальний «Ив Роше иши» билан қамалди. Бутун дунёда Навальнийни қўллаб-қувватловчи акциялар ўтказилаётган бир вақтда унинг ўзи қамоқхона камерасидан кўриниш берди. Бу гал айбланувчи эмас, даъвогар бўлиб.

Гап шундаки, Алексей Навальний иккита даъво билан ўзи сақланаётган Покроведаги иккинчи рақамли қамоқхонани судга берди. Навальнийнинг даъвосига кўра, у қамоқхонада бўлатуриб ОАВда ишлаб топган пулини ололмаяпти. Яъни, Навальний «Ключ» ахборот агентлигида ишлагани учун унга маош ёзилган. Қамоқхонада эса бу пулларини олиб ишлатишига қаршилик қилишмоқда.

Иккинчи даъвога кўра, Навальний ўзини бир неча ой аввал экстремист сифатида профилактик рўйхатга олишганидан норози.

Суд бошланиши билан Навальнийнинг Telegram-каналида унинг қамоқхонадаги бир йиллигига бағишланган пости пайдо бўлди. Унда сиёсатчи шундай деганди: «Қамоқхонада бир йил ўтирган бўлсам-да, ўша мени бу ерга олиб келишганда сизга айтган гапимни такрорламоқчиман: ҳеч нарсадан қўрқманг».

Навальний судда онлайн тарзда иштирок этди. Қафасга солинган сиёсатчи экрандан ҳаммага табассум билан қўл силтади.

ОАВда ва тикув цехида ишлаш

Суд, аввало, Навальнийнинг биринчи ишини кўриб чиқди. Сиёсатчи «Ключ» ахборот агентлиги билан меҳнат шартномаси тузгани ва маош олишини айтди. Аммо бу қандай агентлик экани, маоши қанчалигига ойдинлик киритмади. Бу агентликда ишлагани учун Навальнийнинг ҳисоб рақамига пул тушиб турибди. Қамоқхона эса ҳар ойда маҳбусларга бериладиган лимитга бу пулларни киритмаяпти. Лимит ойига 9 минг рублни ташкил этади.

«Қамоқхона ошхонаси яхши эмас, танлов кам. Шу сабаб қамоқхонадаги дўкондан ул-бул сотиб олиш учун пул керак бўлади», деди Навальнийнинг адвокати Вадим Кобзев.

Қамоқхона вакили эса ойлик пул лимитига фақат колонна ташкил қилган ишдан топилган пул қўшилиши, бошқа ишдан келган пулни қўшиб бўлмаслигини айтган. Ўз навбатида колониядан туриб, ОАВда ишлашга чеклов йўқлиги айтилган.

«Менга фақат колония белгилаган ишнинг маошини олишим мумкинлигини айтишди. Лекин жиноят-ижроия кодексида аниқ қилиб ёзиб қўйилган: лимитга ҳар қандай ишдан олинган маош киради, тамом. Мен ўқишимни тамомласам, тикув цехида иш бошлайман ва иккита жойдан маош ола бошлайман. Шунда иккита даромадли иши бор кам сонли бахтли россияликлардан бири бўламан», деди сиёсатчи. Унинг айтишича, тикув цехига ишга киргач, ойига 6 минг рубль маош олади.

«Тарафларда айтадиган гап бўлмаса, ортиқ интригага ўрин йўқ», деди судья. «Ҳамма интрига сизнинг қарорингизда», деди Навальний жавобан.

Шу тариқа Навальнийнинг биринчи даъвоси бекор қилинди. Судья тезда иккинчи ишга ўтди. Унда Навальний ўзини экстремист сифатида рўйхатга олишганидан норози бўлган.

«Маълумотлар махфий»

2021 йил октябр ойида Навальний терроризм ва экстримизмга мойиллиги учун махсус профилактика рўйхатига киритилган. Сиёсатчи ва тарафдорлари бу қарор бўйича тортишмоқда. Иккинчи даъво аризасини кўриш бошланганда Навальнийнинг адвокатлари арзнома бир неча ҳафтадан буён кўрилмаётганини айтишди. Жазони ижро этиш хизмати вакиллари эса ҳеч қандай ҳужжат олишмагани, балки колониянинг электрон почтаси блокланганини айтган.

Навальнийга иш бўйича ҳужжатлар тақдим этилганда ҳазиллашиб қўйди: «Менинг электрон почтам йўқлиги қандай яхши». Судда Жазони ижро этиш хизмати Навальний учун ишлаб чиқилган профилактика режасини кўрсатди. Сиёсатчининг вакиллари эса уни профилактик рўйхатга киритгани ноқонуний эканини айтишмоқда. Уларнинг фикрича, Навальний қамоқхонада ўзини тутиш билан экстремистик рўйхатга тушгулик эканини кўрсатмаган.

Навальнийнинг айтишича, у ва бошқа профилактик рўйхатга киритилган маҳбусларга қамоқхонада бошқача муносабатда бўлишмоқда. Хусусан, уларнинг каравотларига рўйхатда эканликларини ифодаловчи чизиқ чизилган. Навальнийнинг эътирозидан кейингина чизиқлар олиб ташланган.

«Чизиқлар олиб ташланди, лекин улар бор эди. Мен бир неча ой террорчига ўхшаб ухладим. Бугун администрациядан келиб, терроризмга мойиллигим борасидаги муддатим узайтирилганини айтишди. Бу менга ёқмаяпти», деди Навальний.

Колония ҳужжатларида Навальний у ташкил қилган фонд суд томонидан экстремистик ташкилот деб топилгач, махсус рўйхатга киритилгани келтирилган. Шунингдек, Навальний намойишлар ташкил қилгани учун бир неча бор маъмурий жавобгарликка тортилгани иддао қилинган.

Колониядаги ҳужжатга кўра, Навальний қамоқхонадаги бошқа маҳбусларга ҳам ўзининг Коррупцияга қарши кураш фонди ғояларини тарғиб қилган. Аммо сиёсатчи бунга қарши фикр билдирди: «Коррупцияга қарши кураш фонди ва мен анчадан буён фаолият юритиб келамиз. [Қамоқхонада] телевизорда қайсидир фирибгарни кўрсатишса, унинг дачасини қандай топганим ҳақида гапириб берганман. Ташкилотдаги ўрним ҳақида эса гапирмаганман», деди Навальний.

Бир маҳал суд мажлисига колония ходими бўлмиш Айдар Садиковни олиб киришди. У Навальний экстремистик рўйхатда туриши кераклигини айтди. Навальний эса у билан мулоқотга киришди.

Навальний: Сиз кимгадир айнан Коррупцияга қарши кураш фонди ҳақида гапирганимни эшитдингизми?

Ходим: Бу қандай содир бўлганига аниқлик кирита олмайман, чунки бу махфий.

Судья: Навальний ким биландир Коррупцияга қарши курашиш фонди ҳақида гаплашганини эшитдингизми?

Ходим: Менга маълумот келиб тушди.

Судья: Маълумот қаердан келганини айта оласизми?

Ходим: Йўқ.

Судья: Лавозимингиз нима эканини айта оласизми?

Ходим: Лавозимим махфий, айта олмайман.

Навальний: Гувоҳ деганлари Бэтмендан кейин махфийлик бўйича иккинчи ўринда туришини айтаркан-у, лекин тайинли ҳеч нима демаскан-да, а?

Бундан кейин Навальний ва ходим ўртасидаги тортишув яна давом этди. Кейинчалик суд мажлиси 1 февралга қолдирилгани маълум қилинди.

Россия ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган Алексей Навальний ўзининг Коррупцияга қарши кураш фонди ёрдамида кўплаб мансабдорлар ҳақида суриштирувлар олиб борган. Навальнийнинг охирги суриштируви Россия президенти Владимир Путиннинг Геленжикдаги саройи ҳақида бўлганди.

2020 йил Навальний Томскдан Москвага учаётган вақтда номаълум моддадан заҳарланиб, ҳушини йўқотганди. Омск шаҳрига мажбурий қўнган самолёт Навальний омон қолишига ёрдам беради. Чунки аэропортда унга оғуга қарши восита юборилади. Сиёсатчининг оиласи уни Германиядаги «Шарите» клиникасига олиб кетади. Сентябр ойида ўзига келган Навальний уни «Новичок» моддаси билан заҳарлашганини айтганди. 2021 йил 17 январ куни Москвага қайтган сиёсатчи ўша куниёқ қўлга олинганди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий