«Элитада ҳеч қандай зиддият йўқ» — Назарбоев намойишлардан кейин илк бор кўриниш берди

«Элитада ҳеч қандай зиддият йўқ» — Назарбоев намойишлардан кейин илк бор кўриниш берди

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев намойишлардан кейин илк марта оммага кўриниш берди. У видеомурожаат қилиб, пойтахтдан ҳеч қаерга кетмагани ва элитада ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқлигини айтди.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатдаги норозилик намойишларидан кейин илк бор халққа мурожаат билан чиқди. Мамлакат байроғи фонида гапирган элбоши пойтахтда бўлиб турганини айтди. Унинг видеомурожаати Қозоғистон президенти сайтида эълон қилинган.

«Январдаги воқеалар бутун Қозоғистонни ҳайратга солди. Бу тартибсизликлар мамлакат яхлитлигини йўққа чиқариш учун уюштирилди. Бу воқеалар яна бир бор кўрсатдики, мустақиллик кўз қорачиғидай эҳтиёт қилинадиган мўрт идишга ўхшайди. Бўлиб ўтган воқеалар барчамизга дарс бўлиши лозим. Бу тўполон ва қотилликларнинг ташкилотчиси ким эканини аниқлаш керак. Тергов бу саволга жавоб беради.

Ҳалок бўлганларнинг яқинларига чин дилдан таъзия билдираман. Жароҳатларганларга эса тезроқ тузалиб кетишини тилайман.

Менинг манзилимга ОАВда ёғилаётган гапларга жавоб берар эканман, 2019 йил президентлик ваколатини Қосим-Жўмарт Тўқаевга топширганимни эслатмоқчиман. Шундан буён пенсионерман. Ҳозир эса Қозоғистон пойтахтида муносиб дам оляпман, ҳеч қаерга кетганим йўқ.

Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатнинг тўлақонли раҳбари. У Хавфсизлик кенгаши раиси ва тез орада «Нур Отан» партияси раислигига ҳам сайланади. Бу борадаги миш-мишлар асосга эга эмас.

Ҳаммага маълумки, мен 30 йил давомида Ватаним учун енг шимариб ишладим. Биз унинг чегараларини мустаҳкамладик, самарали ислоҳотлар ўтказдик. Биргаликда Қозоғистон мустақиллигини мустаҳкамладик, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда катта ютуқларга эришиб, кўплаб кўрсаткичлар бўйича нафақат Марказий Осиёда, балки МДҲда етакчига айландик. Қозоғистон дунё танийдиган давлатга айланди. Бунга миллатимиз бирдамлиги билан эришдик.

Мамлакат тинчлиги доим менинг бош мақсадим бўлган. Бу бебаҳо қадриятимизни асрашимиз керак. Албатта, бу инқироздан ўтамиз ва янада кучли бўламиз.

Қадрли ватандошлар, сизларга саломатлик тилайман. Давлат раҳбари лавозимида мен олиб борган ислоҳотларни қўллаганингиз учун миннатдорман», деди Назарбоев мурожаатида.

  • 1990–1991 йилларда Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ССР президенти бўлган, кейинчалик мустақил Қозоғистон Республикасининг биринчи президентига айланган. 2019 йилда давлат раҳбари лавозимидан кетгач, у давлат бошқарувида кенг ваколатларга эга бўлган Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини эгаллаганди.
  • Қозоғистондаги норозилик намойишлари бошидан буён Назарбоев оммага кўринмаётганди. 5 январ куни Қосим-Жўмарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида Назарбоевнинг ўрнини эгаллаганини эълон қилди. Собиқ президент ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Элбошининг матбуот котиби у Қозоғистонда қолгани ва ўз хоҳишига кўра Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигини топширганини маълум қилди.
  • Намойишлар ортидан Назарбоевнинг оила аъзолари йирик давлат компаниялари, давлат органлари ва ҳукумат билан алоқадор ташкилотлардаги постларини йўқотди. Қозоғистон биринчи президентининг катта қизи — парламент депутати бўлмиш Дариға — январь ойи охиригача парламент қуйи палатасининг ялпи мажлисларида қатнашишдан бош тортган. Унинг матбуот котиби буни у ковиддан кейинги тикланиш жараёни билан изоҳлаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий