Мисрда бир ой ичида поезд иштирокида учинчи фавқулодда ҳодиса юз берди

Мисрда бир ой ичида поезд иштирокида учинчи фавқулодда ҳодиса юз берди

Мисрда йўловчи поездининг темир йўл изларидан чиқиб кетиши оқибатида 100га яқин одам жабрланди. Турли норасмий маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 8 нафардан 16 нафаргача одам ҳалок бўлган.

Мансур шаҳридан пойтахт Қоҳирага йўл олаётган поезднинг 8та вагони релслардан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган. Воқеа Қалубия вилоятидаги Тух темир йўл станцияси яқинида юз берган.
 Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий маълумотларига кўра, фалокат оқибатида 97 киши жабр кўрган. Бироқ Al Shorouq нашрининг воқеа жойидаги амалдорларга таяниб хабар беришича, ҳодиса оқибатида 16 киши ҳалок бўлган. Ҳозирча бу борада расмий маълумотлар йўқ.
 Фалокат сабабларини аниқлаш бўйича техник комиссия тузилган.
 Дастлабки тергов натижаларига кўра, поезд машинисти йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилган қисмида 30 км/соат тезлик билан ҳаракатланиш ўрнига соатига 120 км тезлик билан ҳаракатланган. Айнан шу ҳолат фалокатга сабаб бўлган.
 Ушбу фалокат охирги бир ой ичида Миср темир йўлларида юз бераётган учинчи фавқулодда ҳодисадир. Март охирида Тахта шаҳрида икки поезд тўқнашуви оқибатида 32 киши ҳалок бўлганди ва 50дан кўпроқ киши жароҳат олганди.
 Шунингдек, 15 апрелда Шарқия вилоятида поезднинг релслардан чиқиб кетиши оқибатида 15 киши жабрланганди.

Комментарии (0)

Оставить комментарий