Болгария Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишини эълон қилди

Болгария Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишини эълон қилди
АҚШ ва НАТО бўйича иттифоқдош давлатлар Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишга қарор қилганидан кейин Болгария ҳам худди шундай қарорга келди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Бойко Борисов эълон қилди.  
«Бугун ушбу масала бўйича дастлабки муҳокамани ўтказдик ва яқин орада ҳукумат йиғилишини ўтказамиз ҳамда Афғонистондан қўшинларимизни олиб чиқамиз», деб айтган Борисов. 
Айни вақтда Афғонистонда 120 нафар болгариялик аскар ва зобит ҳарбий хизмат ўтамоқда. Улар ҳарбий базаларнинг ташқи периметри, «Баграм» аэродроми ва Кобулдаги штабни қўриқлаш бўйича вазифаларни бажармоқда.     
АҚШ 2001 йил 11 сентябрдаги терактдан кейин Афғонистонда ҳарбий амалиёт бошлашга қарор қилганди. 2001 йил октябридан то шу кунгача давом этаётган ушбу амалиёт АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган хорижий ҳарбий кампания ҳисобланади. Ушбу кампаниянинг авж палласи — 2010—2013 йилларда ғарб давлатларининг Афғонистондаги қўшинлари сони 150 мингдан кўпроқни ташкил қилган. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар кучлари Афғонистондан 2014 йилда олиб чиқилган.  
Таъкидланишича, ҳозирда Афғонистонда АҚШнинг 3,5 минг ва бошқа давлатларнинг 7 мингга яқин ҳарбийси бор.   

Комментарии (0)

Оставить комментарий