Сўронбой Жээнбеков Қирғизистонни тарк этди. Унинг умра сафарига кетгани айтилмоқда

Сўронбой Жээнбеков Қирғизистонни тарк этди. Унинг умра сафарига кетгани айтилмоқда

Қирғизистоннинг собиқ президенти  Сўронбой Жээнбеков республикани тарк этди. Жээнбековнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиеванинг маълум қилишича, собиқ президент умра сафарини адо этгани йўл олган.  

Стамалиеванинг таъкидлашича, Жээнбеков 1 февралда рафиқаси билан “Манас” аэропортидан Истанбулга учиб кетган ва у ердан Жиддага йўл олади.  
Маълумотларга кўра, Жээнбеков умра амалини Саудия Арабистони подшоҳи таклифига кўра амалга оширмоқда. “У 2020 йил ноябрдан бери умра сафарига боришни режалаштирганди. Бироқ пандемия сабабли зиёратчиларга подшоҳликка кириш чеклангани сабабли, умрани амалга ошириш учун расмий таклиф олиш керак бўлган. Бундай таклиф 2021 йил февраль ойи бошига олинди”, деб қўшимча қилган Стамалиева.
Унинг таъкидлашича, умра сафари 10 кундан кўпроқ давом этади ва Жээнбеков шундан кейин Бишкекка қайтади.
Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасида таъкидланишича, собиқ давлат раҳбари Қирғизистонни ҳеч қандай тўсиқларсиз тарк этиши мумкин, чунки унинг ҳаракатланишига чеклов йўқ.
Аввалроқ Жээнбеков собиқ бош вазир ўринбосари Дуйшенбек Зилалиев иши бўйича кўрсатма бериш учун Бишкекдаги туман судига 3 февралга чақиртирилгани маълум қилинганди.      
Ўз навбатида, Қирғизистон бош прокуратурасида маълум қилинишича, 2020 йил октябрда Қирғизистонда юз берган норозилик намойишларида жабрланганлар Жээнбеков устидан судга арз қилишган. Улар Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилишни ва намойишчиларнинг куч билан тарқатилиши учун жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилишмоқда.

Комментарии (0)

Оставить комментарий