Навальнийнинг заҳарланиши ҳамда Россия ва Германия муносабатлари. Нима ўзгаради?

Навальнийнинг заҳарланиши ҳамда Россия ва Германия муносабатлари. Нима ўзгаради?

Россия ва Германиянинг илиқ муносабатлари аллақачон ортда қолган. Немислар Россия яна ишончли ҳамкорга айланишини кутишдан кўра ўзаро муносабатларда асосан ўз манфаатларини устун қўя бошлаган. Навальнийнинг заҳарланиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янада совуқлашишига хизмат қилиши табиий. Бироқ бу муносабатлардаги бурилиш нуқтаси бўлмайди. BBC'га кўра, ўша бурилиш аллақачон содир бўлган.

Россиядаги асосий мухолифатчи Алексей Навальний Берлинда даволангани Германия ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳали-бери яхшиланмаслигига ишора бўлди. Агар Германия Россия билан муносабатларни яхшилаш учун «ўлиб-тирилгани»да, Навальнийни қабул қилиш борасида ўйлаб кўрган бўларди.
«Шарқий Европа» таҳлилий журнали бош муҳаррири Фолькер Вайкселнинг фикрича, «Берлин – Москванинг адвокати» деган тушунча аллақачон эскирган. «Германиядаги рус элитаси муносабатлар олдингидек бўлишини истайди. Бироқ бу утопияга яқин нарса. Чунки Россия сиёсати охирги 20 йилда буткул ўзгарди. Ҳа, Германия сиёсати ўзгармади, Россия сиёсати ўзгарди», дейди доктор Вайксель ВВС рус хизмати билан суҳбатда. Унинг фикрича, Россиянинг совуқ муносабатини бир нарса билан изоҳлаш мумкин – империяни йўқотиш таъсири билан.
Навальнийнинг заҳарлангани ҳақида шахсан Ангела Меркель чиқиш қилгани ҳам кўп нарсани англатади. Чунки Россия сиёсий ҳаётидаги жуда катта фигура шунчаки Германиядаги клиникалардан бирида даволанмади. Германия бу жараёнда бутун бошли сиёсий ҳимоя томони бўлиб қатнашди. Навальнийнинг ҳолати доимий равишда ҳукумат доирасида муҳокама қилинди, халқаро майдонда ҳам Германия бу «ўта муҳим бемор»нинг оёққа туришига давлат сиёсати даражасида эътибор бераётганини яширмади. Бундай ҳолатда Россия билан алоқалар яхшиланишига умид қилмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, айнан Навальний воқеасигача аҳвол чидаса бўладиган даражада эди.
Шрёдер даври ўтди
«Германия аллақачондан бери Россиянинг Европадаги «асосий лоббисти» (оқловчиси) эмас. Германиянинг Герхард Шрёдер вақтидаги «адвокатлик функцияси» аввалига икки томонлама тушунмовчилик билан алмашди ва кейинчалик йўқолиб ҳам кетди. Европа Иттифоқи давлатларининг Россияни «тушуниши» бўйича рейтинги тузилса, Германия аниқ етакчи бўлмайди. Тахминан ўрта қаторларда бўлади», дейди германиялик сиёсатшунос Дмитрий Стратиевский. У ҳам «Навальний иши» ҳар қанча шов-шувли бўлмасин Россия – Германия муносабатларига катта ўзгариш қилишига ишонмаяпти.
«Навальнийнинг заҳарланишидан кейин Кремль ўзини ғалати тутди. Ҳар ҳолда айбсиз томон ўзини бунақа тутмайди. Бу «Северний поток-2» (Германиянинг сувликдаги ҳудудидан ўтувчи «Газпром»нинг газ экспорти учун йўлаги) тақдирига таъсир қилиши ҳақида гапирилаётган вақтда ҳам улар ҳаммаси ўтиб кетишини кутаётгандек», дейди доктор Вайксель.
Немис сиёсатчилари «Северний поток-2» бўйича кўп вақтдан буён баҳслашиб келишмоқда. EPA
Бироқ Германия ва Россия муносабатларида Навальнийнинг заҳарланиши муҳим воқеа бўлди, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Масалан, собиқ немис дипломати Вольфганг Ишингер. Унинг фикрича, рус – немис муносабатларида янги қора кунлар бошланган.
«Сергей Скрипаль Британияда заҳарлангани, Германиянинг Тиргартенида чечен миллатига мансуб қочоқнинг ўлдирилиши ва бундестагга амалга оширилган ҳакерлик ҳужумлари вақтидаёқ немисларда Россияга бўлган ишончга путур етиб бўлганди. Энди эса бу буткул йўқолиши мумкин. Москванинг сўзлари нимани англатиши аллақачон аниқ. Улар ким кучли бўлса ўша ҳақ деб ўйлашади. Афсуски, буларнинг барчаси стратегик ҳамкорлик ғояси чиппакка чиққанини англатади», деган жаноб Ишингер «Spiegel»га берган интервьюсида.
«Муносабатларда ёмонлашадиган нимадир қолдимикин?»
1990-2000-йилларда аксар немис сиёсатчилари Россия билан иқтисодий муносабатлар яхшиланса, охир-оқибат бу давлатни демократик кўринишга келтириш ва унинг мисолида яхши ҳамкорга эга бўлиш мумкин деб ҳисоблашган. Яъни, немислар давлат бой бўлган сари у ерда демократия пайдо бўла бошлашига ишонишган.
Бироқ кейинчалик бу фикр ўзгариб борди. ВВС'га кўра, Грузия билан уруш, Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги уруш, Немцовнинг ўлдирилиши, Скрипалнинг заҳарланиши, Зелимхан Хангошвилининг Берлинда ўлдирилиши каби воқеалар Германияда Россия ҳақида тушунчаларни ўзгартириб юборди. Шунингдек, битта тушунча қолди: аввало ўз бизнесига путур етказмаслик ва «бундан ҳам ёмон ҳамкорлар бор-ку» деган мулоҳаза билан иш юритиш.
Доктор Стратиевскийнинг фикрича, Россия ва Германия ўртасидаги муносабатларда йўқотадиган нарсанинг ўзи қолмаган: «Россия ва Германияни боғлаб турадиган муносабатларга қаранг: гуманитар ва санкциялар вақти шундоғам сустлашиб қолган иқтисодий муносабатлар. Гуманитар соҳадаги муносабатлардан баъзи сабабларга кўра воз кечиб бўлмайди. Масалан, сиёсий-тарихий сабабга кўра. Ўзи бу муносабатларни тўхтатишдан мантиқ ҳам йўқ. Иқтисодий муносабатларни эса Берлин ҳар қанақасига ўзи учун манфаатли деб ҳисоблайди».
Ўтган ҳафтада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Берлинга ташрифи бекор қилингани ҳам миш-мишларга сабаб бўлди. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Мааснинг айтишича, Лавровнинг «иши чиқиб қолган». Бироқ буни сиёсий ишора деб қарашмоқда.
«Северний поток-2» нима бўлади?
Германияда Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида гапларнинг охири Россиянинг «Газпром» компаниясига тегишли «Северний поток-2» газ йўналиши муҳокамасига бориб тақалмоқда. Узунлиги 1234 км бўлган бу йўналиш Германия, Дания, Россия, Финляндия ва Швециянинг денгиздаги ҳудудларидан ўтади. Табиийки, Европанинг «катта оғаси» сифатида Германия Россиянинг бу газ ўтказгичи йўналишида асосий давлат ҳисобланади. Болтиқ денгизи тубидан ўтаётган бу ўтказгич қурилиши бир йилдан буён ортга сурилмоқда ва АҚШ санкциялари сабаб Германия соҳилларидан бир неча мил узоқликда тўхтаб қолган.
Россия «Северний поток-2»га кўз тикаётган бир вақтда Германияда уни тўхтатиш ёки тўхтатмаслик борасида баҳслашишмоқда. Бу мавзу ҳатто партиялар миқёсида ҳам муҳокама қилинмоқда. Улар орасида аксар раҳбарлар «Северний поток-2»ни тўхтатиш фақат АҚШнинг қаршилиги сабаб юз бериши мантиқсизлик деб ҳисобламоқда. Бу вақтда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео АҚШ «Северний поток-2»га қарши коалиция тўплашини маълум қилган.
Бу борада асосий фикрни айтувчи Германия канцлери Ангела Меркель эса Навальний воқеасидан кейин ҳам «Северний поток-2» лойиҳасини қўллаб-қувватлашини айтди. Кейинчалик у матбуот котиби орқали бу масалани яхшиси Европа Иттифоқида муҳокама қилишини маълум қилди. Меркелнинг дугонаси ва маслакдоши бўлган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен «Северний поток-2»га тижорий лойиҳа деб эмас, Россиянинг сиёсий лойиҳаси деб қараш кераклигини айтмоқда.
Германия нашрларида Россияга бўлган муносабат ўзгача. Улар ҳозирда Россия деб эмас, Путиннинг Россияси деб ёзишади. Масалан, «Frankfurter Allgemeine Zeitung» нашри шундай ёзади: «Путиннинг тизими кимёвий қурол билан одамларни заҳарлаётган бир вақтда улар газ билан ҳеч нима қила олмайдими? Болтиқ денгизидаги қувурлар қурол вазифасини ўтамайдими? Германиялик сиёсатчилар борган сари Россияга мана шундай назар билан қарашмоқда».
Германия христиан-демократик партияси етакчилари, хусусан, Армин Лашет Навальний воқеасини «Северний Поток-2» билан боғлашга қарши. Унинг фикрича, аввалига Россияни заҳарлаш бўйича суриштирувларда қатнашишга эришиш ва кейинчалик газ ўтказгич бўйича бутун Европа қарор чиқариши керак, фақат Германия эмас.
Германиянинг бўлажак раҳбари сифатида кўрилаётган Маркус Зёдер «Севпотока» лойиҳаси ёпилишига қарши бўлган номдор сиёсатчилардан бири.
Фотода - Зёдер ва Путиннинг 2020 йил январида Москвадаги учрашуви
Ангела Меркелнинг ўрнини эгаллаши кутилаётган Бавария бош вазири Маркус Зёдер «Северний Поток-2» хусусий лойиҳа бўлгани учун уни тўхтатиш ёки рухсат бериш ҳукуматнинг иши эмаслигини айтмоқда. Умуман, Германияда «Северний Поток-2» ҳукумат доирасида тез-тез муҳокама қилинади ва унда лойиҳани қўлловчи фактлар қарши фактлардан устунроқ. Меркель бошчилигида Германия прагматик сиёсат юритади ва аввало иқтисодий жиҳатни ўйлайди. Пандемия даврида эса мамлакат иқтисодиётида салбий таъсир ўтказадиган ҳар қандай янгилик олқишланмайди.
Бошқача қилиб айтганда, Германия томонидан Россия манзилига ҳар қанча зардали сўзлар айтилмасин, иқтисодий алоқалар имкон даражасида давом этаверади. Бу борада немислар орасида сўровнома ҳам ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, 55 фоиз иштирокчи Германия ҳукумати «Северний Поток-2» қурилишига аралашмаслиги керак деб ҳисоблайди. 31 фоиз иштирокчи уни тўхтатиш керак деган фикрда. 14 фоиз иштирокчи эса бефарқлигини билдирган.
Хуллас, ана шунақа гаплар. Борис Немцовдан кейин Россиянинг асосий мухолифатчиси бўлган Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва кейинчалик Германияда даволаниши икки йирик сиёсий кучнинг муносабатларига жиддий таъсир қилиши мумкин. Дарвоқе, Навальний даволаниб бўлгач ҳам Германияда қолмоқда. Воқеалар ривожидаги навбатдаги йирик бурилиш – унинг Россияга қайтиши бўлса керак.

Комментарии (0)

Оставить комментарий