Душанбеда Тожикистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтади

Душанбеда Тожикистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтади

Душанбе шаҳрида 29 сентябрь куни бизнес-форум бўлиб ўтади ва унда Тожикистон ва Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятининг 700дан ортиқ вакиллари, икки мамлакат бош вазирлари Қоҳир Расулзода ва Абдулла Арипов иштирок этади.

«Азия плюс» хабарига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари саноат, савдо, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилади.
2019 йилги Тожикистон-Ўзбекистон бизнес-форуми якунларига кўра, Душанбе шаҳрида 16та ҳужжат имзоланган бўлиб, унда товарлар ва хизматларни экспорт ва импорт қилиш бўйича кўп миллионли келишувлар кўзда тутилганди. Тожикистон ҳукумати иқтисодий блокидаги манбанинг маълум қилишича, жорий йилги бизнес-форум натижаларига кўра, кўп миллионли шартномалар тузилади. Форум Тожикистон миллий кутубхонаси биносида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 28-29 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳамкорлик масалалари бўйича қўшма қўмитанинг навбатдаги Мажлиси бўлиб ўтади.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, сўнгги беш йил давомида Тожикистон-Ўзбекистон товар айланмаси қарийб 3,6 баравар ўсди: 2014 йил якунларига кўра, 13 миллион доллардан 2019 йилда 362 миллион долларгача.
Бироқ коронавирус пандемияси икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми пасайишига олиб келди. Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси жорий йилнинг январь-июль ойларида 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 11,3 фоизга камайган. Жорий йилнинг етти ойида икки томонлама товар айланмасининг умумий ҳажми 148,4 миллион долларни ташкил этади.
Тожикистон маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспорти 35,1 миллион доллар миқдорида бўлса, Ўзбекистон бу давлатга 113,3 млн доллар миқдорида экспорт қилади.
Тожикистон Ўзбекистонга асосан алюминий, электр энергияси, пахта толаси, руда, цемент, ишлов берилмаган тери, хом ипак, турли матолар, спиртли ичимликлар, гиламлар ва бошқаларни етказиб беради.
Ўзбекистондан эса табиий газ, тўқимачилик маҳсулотлари, минерал ўғитлар, пластмасса, пойабзал, керамик буюмлар, рангли металлар, электр ва механик ускуналар экспорт қилинади.

Комментарии (0)

Оставить комментарий