АҚШ молиявий разведкаси маълумотлари ОАВга «сиздирилди». Унда россиялик олигархлар ҳақида фактлар бор

АҚШ молиявий разведкаси маълумотлари ОАВга «сиздирилди». Унда россиялик олигархлар ҳақида фактлар бор

Россия президенти Владимир Путиннинг ёшликдаги дўсти Аркадий Ротенберг ноқонуний пулларни ювиш ва санкциялардан қочишда Британиянинг «Barclays» банкидан фойдаланган бўлиши мумкин. АҚШ молия вазирлиги махсус бўлинмаси ҳисобланган FinCEN’нинг мана шу ва бошқа жиддий маълумотлари «кутилмаганда» ОАВ ихтиёрига келиб қолган.

Аркадий Ротенберг Путиннинг болаликдаги дўсти / Getty Images
Ротенберг иши
2007-2016 йилларда Англия Премьер-лигасига ҳомийлик қилган «Barclays» банки футбол мухлислари орасида ҳам машҳур. АҚШ молия разведкаси ҳисобланган FinCEN’нинг ОАВга сиздирилган маълумотларида мана шу обрўли банк ҳақида ҳам гап кетган.
Аввало Аркадий Ротенберг кимлиги ҳақида икки оғиз. Россия спортида катта обрўга эга бўлган бу шахс Россия президенти Владимир Путиннинг яқин дўсти ҳам. Петербурглик олигарх ўз вақтида мураббийлик бўйича ўнлаб илмий қўлланмалар муаллифи бўлган. Тадбиркорлик соҳасида ҳам омади келган. Бир қатор банклар ва корхоналар эгаси. 2012 йилдан доллардаги миллиардер сифатида Forbes рўйхатидан ўрин олган.
У 2014 йилда АҚШ ва Европа Иттифоқининг «қора рўйхати»га тушиб қолган. Ғарбдаги банкларга у билан ҳамкорлик қилиш тақиқлаб қўйилган. FinCEN’дан сизиб чиққан (аслида ОАВга сиздирилган дейиш тўғрироқ) маълумотларга кўра, Ротенберг санкцияларни четлаб ўтиш учун «Barclays»даги яширинча ҳисоб-рақамлардан фойдаланган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Аркадий Ротенберг ва акаси Борисга жиддий айблов билан санкция қўллаган – Қримни босиб олишда иштирок этгани учун. Разведка маълумотларида ака-ука Ротенберглар Россия президентининг яқинлари экани таъкидланган. Маълумотларда айтилишича, улар Путиннинг шахсий лойиҳаларини молиялаштириш эвазига «Газпром» ва Сочи олимпиадаси орқали миллиардлаб доллар ишлаб олишган.
Аркадий Ротенберг ва Владимир Путин Сочидаги дзюдо бўйича очиқ машғулотларда. 2019 йил
2018 йилда санкцияларга Аркадий Ротенбергнинг ўғли Игорь ҳам киритилади. FinCEN маълумотларига кўра, санкцияларга қарамай Ротенберглар АҚШ ва Британия орқали пулларини айлантириб юраверишган.
Санъатга сарфланган пуллар
ОАВга чиқиб кетган маълумотларга кўра, 2008 йилда «Barclays» банкида «Advantage Alliance» компанияси учун ҳисоб-рақами очилади. Бу ҳисоб-рақами орқали 2012-2016 йиллар оралиғида 60 миллион фунт миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилади. Бу пулнинг аксар қисми Аркадий Ротенбергга санкция қўлланганидан сўнг транзакция қилинган. Жорий йил июль ойида АҚШ Сенати Ротенбергларни санкциялардан қочиш учун яширинча йўл билан санъат асарларини сотиб олганликда айблади. Бу савдоларда қатнашган компаниялардан бири эса айнан «Advantage Alliance» бўлган. Америкалик терговчилар бу - компания Ротенбергларга тегишли эканининг яққол исботи деган хулосага келишган.
Тергов жараёнида тайёрланган ҳисоботда айтилишича, аукцион савдоларидаги сирлилик ва анонимлик принциплари - пул ювишда қатнашаётганлар учун айни муддао бўлган шароит яратади.
«Аукциондагилар санъат асарларини сотиб оладиганларга энг оддий саволларни беришмаган», дейилади ҳисоботда.
Маълум бўлишича, Ротенберглар санкцияларга қарамай, Рене Магриттнинг машҳур асари учун 7,5 миллион доллар тўлашни ўзларига эп кўришган. 2014 йил 17 июнь куни Аркадий Ротенберг билан алоқадор компания Москвадаги ҳисоб-рақамидан «Advantage Alliance»нинг «Barclays»даги рақамига 7,5 миллион доллар пул ўтказган. Эртасига эса «Barclays» картинанинг Нью-Йоркдаги эгасига нақд пул кўринишида 7,5 миллион долларни етказади.
Ёпиқ ҳисоб
2016 йилда «Barclays»да Ротенбергга тегишли бўлиши тахмин қилинган ҳисоб-рақамлар бўйича ички текширув ўтказилган. Ярим йил ўтиб «Advantage Alliance»нинг ҳисоб-рақамлари шубҳали операцияларда иштирок этгани учун ёпилади. «Barclays»даги Ротенбергга тегишли бўлган бошқа ҳисоб-рақамлар 2017 йилгача очиқ бўлган.

Шундай ҳисоб-рақамлардан бири «Ayrton Development Limited» компаниясига тегишли бўлган. Разведка маълумотларига кўра, «Barclays» банки мижози бўлган «Ayrton» компанияси ҳам Ротенбергга тегишли экани аниқланган. ВВС суриштируви доирасида «Barclays» Ротенбергга тегишли ҳисоб-рақамлар ҳақида маълумот бермаган.
Бироқ банк бевосита ўзига алоқадор маълумотлар тарқалгач баёнот берди. «Биз қонун ва назорат органлари томонидан зиммамизга юкланаётган барча топшириқларни бажаряпмиз. Хусусан, АҚШ санкциялари бўйича ҳам. Бу тарқалган маълумотлар қандайдир қонунбузарликдан дарак бермайди. Биз мижозлар билан муносабатни фақат жиддий текширувлардан кейин тўхтатамиз», дейилади баёнотда.
PA MEDIA
Ротенберглар эса бу маълумотлар тарқалиши юзасидан муносабат билдиришмаган.
Бош вазир билан теннис учун 160 минг фунт
«Forbes»нинг ёзишича, маълумотлар орасида россиялик бошқа олигархлар ва давлат амалдорлари томонидан амалга оширилган кўплаб шубҳали ўтказмалар мавжуд. Масалан, «Ростех» тасарруфидаги «Рособоронэкспорт» (Россия ҳарбий техникаларини халқаро миқёсда сотувчи ташкилот) келиб чиқиши хитойлик бўлган Индонезия фуқароси Енг Дин Жонгнинг (Индонезияда уни Суджито дейишади) ҳисоб-рақамига «Халқаро молия клуби» ҳисобидан пул ўтказган. Қизиғи, «Ростех» раҳбари Сергей Чемезовнинг рафиқаси ушбу корхона ҳиссадори ҳисобланади.
«New York Mellon» банки АҚШ молиявий разведкасига бу борада гумонларини билдирар экан, Суджитонинг ҳисобига 2011 йил декабрида 220 миллион доллар, 2012 йил январида эса 51 миллион доллар шубҳали тарзда ўтказилганини маълум қилган. «Халқаро молия клуби» эса Суджито ва «Рособоронэкспорт» банк мижози бўлмаганини маълум қилган.
FinCEN маълумотларига кўра, россиялик таниқли миллиардер Сулаймон Керимовнинг рафиқаси Любовь Чернухина Британиядаги ҳукмрон консерваторлар партиясига 2,2 миллион доллар миқдорида ҳомийлик қилган. Бу тўловлар Британиянинг охирги уч бош вазири билан овқатланишни ҳам ўз ичига олган. Чернухинанинг адвокатлари консерваторлар партиясига «хайрия» Кремлнинг босими остида қилинмаганини айтишган. Маълумот учун, «Анжи» клубининг собиқ раҳбари бўлган Сулаймон Керимов ҳам АҚШ санкцияларига тушган. Унинг рафиқаси амалга оширган ўтказмалар Нью-Йоркдаги «Deutsche Bank» эътиборини тортган.
Чернухина катта пуллар эвазига Британия ҳукуматидаги амалдорлар билан гаплашиш имконига эга бўлгани айтилади. Маълум бўлишича, у 135 минг фунт эвазига Тереза Мэй ва ҳукуматнинг бошқа аёл вакиллари иштирокида ташкил этилган зиёфатга таклиф олган. Шунингдек, 45 минг фунт тўлаб Борис Жонсон билан теннис ўйнаш имконига эга бўлган. У олдинроқ, 2014 йилда ҳам 160 минг фунт тўлаб, Британиянинг ўша вақтдаги бош вазири Дэвид Кэмерон ва ўша вақтда Лондон мэри бўлган Борис Жонсон билан теннис ўйнаган.
FinCEN нима ўзи?
Юқорида келтирилган мисоллардаги FinCEN номи кўпчилик учун нотаниш бўлса ажаб эмас. Бу аббревиатура бўлиб, АҚШ молия вазирлиги қошидаги бўлинма номининг қисқартмаси ҳисобланади. Яъни, Financial Crimes Enforcement Network – Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тармоғи.
Бу ташкилот бутун дунёдаги молиявий фирибгарликларни қандай билиб тура олади деган табиий савол туғилади. Ҳаммаси оддий – АҚШ долларни ишлаб чиқарувчи ягона мамлакат сифатида дунёдаги барча доллардаги операцияларни назорат қила олади. Яъни, дунёдаги барча банклар долларда амалга оширилган шубҳали пул операциялари ҳақида бу ташкилотни хабардор қилиши керак. Шу боис ташкилот бутун дунёдаги доллар операцияларини назорат қилиши мумкин.

Бироқ шу кунларда FinCEN худди «Панама қоғозлари» каби ибора сифатида ишлатилмоқда. Чунки бу ташкилотга тегишли жуда кўп маълумотлар ОАВ ихтиёрида пайдо бўлди. Хусусан, FinCEN билан алоқадор бўлган 2,5 мингдан ортиқ ҳужжатлар «Buzzfeed» нашри журналистлари қўлига келиб тушган. Улар ўз навбатида маълумотларни дунёнинг 88 давлатида фаолият юритувчи 108та янгиликлар агентлигини бирлаштирувчи журналистлар гуруҳига тарқатишган. Тарқалган ҳужжатлар асосан дунёдаги банкларнинг FinCEN’га берган маълумотларидан иборат.
Бу маълумотлар қора иқтисодиётни фош этади. Бундай маълумотларнинг тарқалиши қайсидир маънода одамларга «пул ювиш», ноқонуний пулларни легаллаштириш каби жараёнлар ҳақида маълумот беради.
Пул нега «ювилади»?
Пул ювиш дегани, албатта, уни кир ювиш машинаси ёки тоғорага солиб ювиш дегани эмас. Ноқонуний пулларни қонунийлаштирувчи ғайриқонуний жараён «пул ювиш» деб аталади. Масалан, наркотик, қурол-яроғ савдоси ёки коррупцион йўл билан орттирилган пуллар аноним тарзда пул сақлаш мумкин бўлган банклардан бирига аноним ҳисоб-рақам очиб ўтказилади. Кейин ўша пуллар махфий равишда бирор соҳага йўналтирилади ва легаллаштирилади. Кўрибсизки, ноқонуний пуллар «топ-тоза бўлиб ювилади».
ОАВга келиб тушган FinCEN маълумотларининг ўзида 2 триллион долларга яқин шубҳали транзакциялар қайд этилган. Таққослаш учун, бу бутун бошли АҚШ ЯИМининг 20 фоизи деганидир.
Ҳужжатлардаги энг йирик шубҳали ўтказма 2011 йилда амалга оширилган. Ўшанда «Amsterdam Trade Bank» «Росбанк»га 2,7 миллиард доллар ўтказган. Рўйхатдан 2013 йилда Латвиянинг «Expobank» банки «Союз» банкига 303 миллион доллар, 2008 йилда «Credit Suisse» банки «Еврофинанс Моснарбанк» банкига 300 миллион доллар ўтказгани ҳам келтирилган. Россия ва хорижий банклар ўртасидаги алоқаларда энг кўп шубҳали ўтказмаларни амалга оширган банк – «Bank of New York Mellon» бўлган. Бу банк ҳужжатлардаги «FinCEN пакети»даги маълумотларга кўра, 2,76 миллиард долларни шубҳали тарзда қабул қилган ва 7,07 миллиард долларни шубҳали тарзда жўнатган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий