Тожикистонда бир кунда 123 кишида коронавирус аниқланди. Имомали Раҳмон мулозимларга янги топшириқ берди
31 май ҳолатига кўра, Тожикистонда COVID-19 билан касалланганлар сони 3 минг 930 кишига етди. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, бир кунда 123та янги касалланиш ҳолати аниқланди.
Бир кунда тузалганлар сони 139 кишига кўпайди ва умумий 2004 кишини ташкил қилмоқда.
Ўлим даражаси тўрт кундан бери ўзгармади - эпидемия бошлангандан бери қурбонларнинг умумий сони, расмий маълумотларга кўра, 47 киши.
Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жалолиддин Абдуллозоданинг «СССР» газетасига берган интервьюсида айтишича, республикада коронавирус билан касалланишнинг энг юқори чўққиси ортда қолди.
«Касалланишнинг энг кўп ҳолати 15 майда қайд этилди, ўшанда 211 кишида коронавирус аниқланди. Бу биринчи ҳолатлар қайд этилган давр бошидан (30 апрель) бери энг катта кўрсаткич бўлди. 15 майдан кейин мамлакатда касалланганлар сони кун сайин камайиб, тузалиб кетганлар сони кўпаймоқда. Кўриб турганингиздек, сўнгги кунларда биронта ҳам ўлим қайд этилмади», - деди у.
2021 йил 1 сентябргача Тожикистон вилоятлари, шаҳарлари ва туманларида юқумли касалликлар шифохоналари қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Улар тадбиркорларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади. Бу ҳақда Тожикистон раҳбарининг жорий йил 20 май куни Душанбедаги муассасаларга ташрифи ҳамда тиббиёт ходимлари билан учрашувида берган кўрсатмаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг бандларида айтилади.
Мамлакат президенти Имомали Раҳмон 27 май куни ушбу режани тасдиқлади, деб хабар беради «Ховар».
Унга кўра, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича эпидемияга қарши тадбирларни кучайтириш Республика штаби ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу вирусни бутунлай йўқ қилиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни кучайтириш топширилди. Тизимли равишда давлат раҳбарига амалга оширилаётган ишлар натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этилади.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар, шаҳарлар ҳамда туманлар давлат ҳокимияти ижро этувчи органларига беморларни қабул қилиш ва даволаш учун 15 июнгача ҳамда ундан кейин мавжуд касалхоналарда қўшимча жойларни тайёрлаш вазифаси юкланди.
Комментарии (0)