Тожикистонда беморлар тузала бошлади, Қозоғистон карантиндан чиқмоқда

Тожикистонда беморлар тузала бошлади, Қозоғистон карантиндан чиқмоқда

Сўнгги бир кунда Тожикистонда 210 кишида коронавирус аниқланди ва мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолатлари сони 2 350тага етди. Қозоғистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 7 мингдан ошган.



21 май куни Тожикистонда 3 киши коронавирус сабаб вафот этган ва касаллик қурбонлари сони 44 нафарни ташкил қилмоқда. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори ўлим кўрсаткичи ҳисобланади.
20 майдан бошлаб Тожикистонда коронавирус беморлари тузалишни бошлади. Шу куни 470 бемор тузалган бўлса, 21 май куни вирусдан тузалганлар сони 1 008 нафарга етди. Айни дамда вирус юқтирганлар билан алоқада бўлган 3 592 киши шифокорлар назоратида бўлиб турибди.
23 апрелдан буён омма олдида кўриниш бермаётган президент Имомали Раҳмон ОАВда яна кўриниш берди. У Душанбе мэри ҳисобланган ўғли Рустам Имомали билан бирга пойтахтдаги вақтинча касалхона вазифасини ўтайдиган объектларни бориб кўрди. Президент биноларни ҳимоя ниқобида кўздан кечирди.
Қозоғистонда коронавирус юқтирганлар сони 7 234 нафарга етди. Сўнгги бир кунда мамлакатда 265 кишида вирус аниқланди. Вирусдан тузалганлар сони эса 3 843 нафарни ташкил этмоқда. Энг кўп касалланиш ҳолати Олма-Ота (1 966) ва Нур-Султонда (1 403) қайд этилган.
Бугун Қозоғистонга Қатардан гуманитар ёрдам олиб келинди. 8,5 тонна миқдордаги ёрдам тиббиёт воситаларидан иборат бўлгани ва у шахсан Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад топшириғи билан юборилгани маълум қилинди.
Қозоғистонда 21 май куни икки киши жонлантириш бўлимидан оддий палатага ўтказилди. Умумий ҳисобда 112 киши оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилгач, аҳволи яхшиланиб оддий палатага қайтарилган.
Мамлакатда карантин чораларини юмшатиш давом эттирилди. 25 май кунидан Олма-Отада кафе ва ресторанларни очиш бошланади. Овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилиш талаб этилади. Битта столда кўпи билан тўрт киши ўтириши мумкин. Столлар ораси эса камида 2 метр бўлиши белгиланган. Иш вақти соат 23:00гача. Шунингдек, шаҳардаги барча меҳмонхоналар очилган.
Шарқий-Қозоғистон вилоятида 23 майдан болалар боғчалари фаолияти тикланади. Олма-Отада бугундан сартарошхона ва гўзаллик салонлари ҳам ишлашни бошлади. Улар санитар талабларига жавоб бериши ва infoalmaty.kz сайтида рўйхатдан ўтиши керак.
Қозоғистонда карантин қоидаларини бузганлик учун жазодан расмийлар ҳам қутула олмаяпти. Олма-Ота ҳудудига кирувчи Панфилово тумани прокурори Саян Шалгимбаев саунада дўстлари билан дам олаётгани тасвирланган видео интернетда тарқалди. Кадрда Кербулак тумани суд раиси ҳам кўринган. Уларнинг иккиси ҳам ишдан бўшатилгани айтилмоқда.
Қирғизистонда 21 май куни 43 кишида коронавирус аниқланди ва касаллик юқтирганлар сони 1 313 кишига етди. Кун давомида 19 киши тузалди. Пандемия бошлангандан буён 929 киши коронавирусдан тузалди. Айни дамда 370 киши даволанмоқда ва уларнинг 5 нафари оғир авҳолда экани айтилган. Шу вақтгача Қирғизистонда 14 киши коронавирус қурбони бўлди.
Мамлакат пойтахти Бишкекда 25 майдан спортзаллар, тренажёр ва бассейнлар фаолияти тикланиши маълум қилинди. Аммо контактли спорт турлари билан (футбол, баскетбол, кураш турлари, бокс) шуғулланувчилар фаолияти ҳозирча тикланмайди.
Марказий Осиёнинг яна бир давлати Туркманистонда ҳамон расман коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари тасдиқланмаган.

Комментарии (0)

Оставить комментарий